Фарзандига чиройли исм қўйиш ота-онага фарз. Бекзоднинг ҳам ота-онаси ўзига бек, ўқимишли, олижаноб, ақлли, давлатманд бўлсин деган ниятда шу исмни қўйди. Бироқ у кўп вақтини интернет тармоғидаги турли сайтлар ва каналларга кириб ўтказишни одат қилди. Реал иш қидириш ўрнига, кўнглига ёқадиган, асосийси, тер тўкмай мўмай пул олиб келадиган ишни ижтимоий тармоқлардан қидира бошлади. Шундай уринишларнинг бирида, аниқроғи 2023 йилнинг июнида чет давлатларга ишга жўнатувчи гуруҳ ҳақида эшитди. Бекзод саккиз минг АҚШ доллари эвазига Америка давлатига юбориш мумкинлиги ҳақидаги эълонни ва унда кўрсатиб ўтилган маълумотларни билиб олди. Ўзи ҳам шундай фаолият билан шуғулланишга қарор қилди. Ҳадемай, унинг телеграм канали ишга тушди. Унга қўнғироқ қилган шахс АҚШ давлатига бориш шартлари билан қизиқди. Бекзод ўз хизматини 17 минг АҚШ долларига баҳолади. Туркия орқали Мексикага ва ундан Америкага ўтказишини айтиб, ишонтиради. Ваъдани қуюқ қилган Бекзод уч кишини алдаб, 51 минг АҚШ долларига чув туширишни режалаштиради. Бироқ Америка орзусидаги орзумандларнинг биридан айтилган суммани олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинади. – Тергов жараёнида у чет элга олиб чиқиш қоидаларидан мутлақо бехабарлиги, бу ҳақда тасаввурга ҳам эга эмаслиги, шунчаки телеграмда ҳазиллашганини баён этди. Аммо бу алдовларга ходимларни ишонади деб ўйлаб, хато қилди, – дейди мазкур жиноят ишини тергов қилган Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими катта терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди етказилган зарар қопланганини инобатга олиб, Бекзодни Жиноят кодексининг 168-моддасига (“Фирибгарлик”) асосан, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда, 1 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди. Нилуфар ИСОХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи.
Жазирамада офтоб уриши кўп учрайдиган ҳолатлардан бири. Шу боис ундан сақланиш учун бир неча тавсияларга амал қилиш лозим. Хусусан, ёзда қуёш тиғида узоқ вақт бош яланг ва баданни ҳимоя қилмаган ҳолда қолиш — офтоб уришига сабаб бўлади. Афсуски, кўпчилик бу ҳолатга беписандлик билан қарайди. Аслида эса унга эътиборсиз бўлиш, жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки қуёш уриши — энг хавфли ҳолат бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши ва ҳароратни меъёрда ушлаб туриш қобилиятини йўқотиши натижасида юзага келади. Унинг асосий белгилари қуйидагилар: - кучли бош оғриғи; - терлашнинг тўхташи, тери қуруқ ва қизарган бўлиши; - тез ва кучли юрак уриши; -тез-тез нафас олиш; - ўткир нафас қисиши; - бош айланиши; - қусиш ёки кўнгил айниши. Оғир ҳолатларда беморда алаҳсираш кузатилади. Тана ҳарорати, ҳатто, 41-42 даражагача кўтарилиши, чуқур беҳушлик ҳолати кузатилиши мумкин. Бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозим. Сўнг горизонтал ҳолда ётқизилиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш керак. Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби қуёш урган инсонга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур. Иссиқлик уришининг олдини олиш учун бир неча тавсияларга амал қилиш лозим. Хусусан, жазирама кунларда организм кўп сув талаб қилади. Шу боис сувсизланишнинг олдини олиш учун кунига 3 литр миқдорда суюқлик ичиш (совутилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар) лозим. Тўғри тушадиган қуёш нурларидан сақланиш, ундан ҳимояловчи кремлар, кўзойнаклар ҳамда соябонлардан фойдаланиш керак. Ёш болалар, кекса кишилар ва сурункали хасталиклар (юрак-қон томир, эндокрин, нафас олиш аъзолари, метоболик ва руҳий хасталиклар) билан оғрийдиган беморлар иссиқлик уришига кўпроқ мойил. Шу сабабли улар саломатлигини мунтазам кузатиб бориш муҳим. Дониёр АЛИМОВ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори.
Киши ўз оила аъзоларига ишонмаса, гумонда бўлса, бундан азобли ва хунук нарса бўлмаса керак. Мана бир ойки Мушфиқнинг (исмлар ўзгартирилган) оиласида ҳаловат йўқ. Бор йўғи эр-хотин, икки вояга етмаган гўдак ва онаси яшайди. Ҳаммаси тилла узукнинг йўқолишидан бошланди. Кейин яна ва яна... Хотини эрини жазман топганликда, тилла буюмларни унга совға қилганликда айблади. Она ўғлининг ёнини олиб келинга терс бўлди. Пуллари йўқола бошлагач, Мушфиқ онаси билан хотинидан шубҳаланди. Алалоқибат ички ишлар идорасига мурожаат қилишга қарор қилинди. Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари воқеа жойига чиқиб, буюмлар қаерда сақлангани, уйга кимлар ташриф буюргани борасида суриштирув ишларини олиб боришди. Номлари келтирилган шахслар билан суҳбатлашилганда уларнинг ўғриликка алоқаси йўқлиги аниқланди. Тергов муаллақ туриб қолди. Туман ИИО ФМБ терговчиси ҳужжатларни синчиклаб қайта кўздан кечираркан, яна бир бор хонадон эгалари билан учрашишга қарор қилди. Ҳолбуки, эр-хотин иккиси ишлайди, кекса онахоннинг икки вояга етмаган набиралари қарови билан шуғулланишга соғлиғи ва ёши тўғри келмайди. Кекса онахоннинг ўзи қаровга муҳтожлигини ҳисобга олсак, болалар билан кимдир машғул бўлган ёки машғул. Ёки уй эгаларига жуда яқин бир кимса борки, уй эгалари ундан мутлақо шубҳаланишмайди. Шу боис унинг номи ҳатто тилга олинмади, эсга ҳам келмади. Суҳбат давомида терговчи онахондан болаларга энага ёлланган-ёлланмаганлиги билан қизиқди. – Ҳа, ҳа, энага ёллашганди. – Ҳозир қаерда? – “Иш ҳаққи кам”, деб кетиб қолди. Терговчи энаганинг исм-шарифи, қаердан келгани, ким тавсия этгани, манзили ҳақида сўраб суриштирди. Яхшиямки, уй аъзолари энагани расмий клиринг компания орқали ёллашган экан. Компания масъули билан суҳбатлашилганда, энаганинг илгариги иш жойидан ҳам шикоятлар тушгани аниқланди. Энага ҳақида тегишли маълумотларни олган терговчи уни суҳбатга чақирди. Суҳбат давомида гумондор уй эгалари унга туҳмат қилаётганини, бир-икки марта улар айтган ишни қилишдан бош тортганлиги учун ўч олаётганини айтиб, ўғриликни тан олмади. Бироқ терговчига бу ҳолат таниш бўлганлиги боис, суҳбатга яхши тайёрланган эди. Энага бир неча ой ишлаб, уй эгаларининг ишончига киргач, аста-секин қаерда нима туришини билиб олди. Сўнгра шубҳа уйғотмай ишдан кетиш каби режаларни туза бошлаган. Аввал кичик, кейин каттароқ нарсаларни ўмарган. – Пулларни оз-оздан олардим, – дейди аёл. – Улар учун 50 минг, 100 минг сўм пул эмасди. Шу боис ҳисобдан адашиб, майда-чуйдага ишлатганига ишонишарди. Учинчи ойда кетишим кераклигини сездим. Чунки, вазият шуни тақозо қиларди. Бу ёғига сирим очила бошларди. Иш ҳақим камлигидан нолиб, бошқа иш топганлигимни баҳона қилиб, кетиб қолдим. Унинг жиноятни тан олиши ва қилмишидан пушаймонлиги суд томонидан жазо тайинлашда инобатга олинган албатта, аммо... Уни ўз оиласига киритган, фарзанди ва онасини қаровини ишониб топширган шахсларнинг ишончини суиистеъмол қилганлигини қандай оқлаш мумкин?! Бугунги кунда рўзғоримиз, уй юмушларимизни ўз гарданига оладиган турли компания дейсизми, хусусий ташкилот дейсизми, кўпайиб бормоқда. Аммо мазкур хизматдан фойдаланишда эҳтиёткорроқ бўлиш, тавсияномалар билан эътиборли, чуқурроқ танишиш, жиддий суҳбатлашиш, зарур бўлганда қўшимча маълумотлар сўраш лозим. Ўзингизга тегишли қимматбаҳо буюмлар ва ҳужжатларни ишончли ва бегоналар қўли етмас жойда сақлаганингиз маъқул. Ҳушёрлик, эҳтиёткорлик ҳеч қачон панд бермайди. Нилуфар ИСАХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмидан зиёдроғи, яъни 1.4 миллиард одам етарлича жисмоний меҳнат ёки машқлар билан шуғулланмайди. Бу юрак хуружи, қандли диабет ва саратоннинг баъзи турларининг юзага келиш хавфини янада ортишига сабаб бўлади. Тадқиқотчилар 168 мамлакатда, жами 1.9 миллион нафар инсон иштирок этган 358 та сўровномаларни синчиклаб ўрганиб чиқди. Аниқланишича, АҚШ ва Буюк Британия каби ривожланган давлатлар аҳолиси орасидаги жисмоний ҳаракатсизлик даражаси 2001 йилдаги 32 фоиздан 2016 йилга келиб, 37 фоизга ошган. Бу вақт ичида қашшоқ давлатлардаги бу кўрсаткич (16 фоиз) барқарорлигича қолган. Ҳафтасига 150 дақиқа ўртача ёки 75 дақиқадан кам фаол жисмоний ҳаракат билан шуғулланмаслик жисмоний сустлик сифатида тавсифланади. Германия, Янги Зеландия ва АҚШ жисмоний сустлик энг тез суръатларда ўсиб бораётган давлатлар қаторидан жой олган. Тадқиқот муаллифлари аёллар ўртасида жисмоний ҳаракатсизлик даражасининг юқорилиги вақтининг катта қисмини бола тарбиясига сарфлаш ва уйда ўтиришга ундовчи маданий урф-одатлар каби омилларга боғлиқлигини таъкидлаган. Экспертлар ривожланган мамлакатлардаги жисмоний сустликни тобора кам жисмоний ҳаракат талаб қиладиган ишлар кўпайиб бораётгани, транспортдан фойдаланиш имкониятлари кенгаяётгани билан изоҳлайди. Мазкур тадқиқот раҳбари Регина Гутолд шундай дейди: “Жаҳон аҳамиятига молик бошқа соғлиққа хавф солувчи таҳдидлардан фарқли ўлароқ, жисмоний фаоллик даражаси пасайган, шунингдек, дунё аҳолисининг чорак қисми соғлом турмуш тарзи учун муҳим бўлган жисмоний машқлар билан етарлича шуғулланмайди. Жисмоний сустлик даражаси ошиб бораётган минтақалардаги соғлиқ билан боғлиқ ҳолат ўта хавотирлидир.» АҚШнинг Орегон штатидаги Соғлиқни сақлаш ва фан университети неврологик хулқ-атвор бўлими олимлари инсондаги дангасаликка, айниқса, мотивация, яъни туртки етишмаслиги эканини айтишган. Бу ирсий ноқислик ҳисобланиб, бу наслга ҳам таъсир этишини маълум қилди. Инсон танасидаги соғлом генлар тананинг фаоллиги ва ҳаракат даражасини тартибга солишга хизмат қилади. Ҳаракатни такомиллаштириш, бизни яна ва яна ҳаракат қилишимизни талаб қилади. Бу ижобий туйғуларга эга бўлишимизга сабаб бўлади. Агар шу ҳодисага масъул генда мутацион ўзгариш пайдо бўлганда, унинг ретсепторларни рағбатлантириш қобилияти пасаяди, миямиздаги допамин тизимининг кўп функцияларини йўқалади. Тадқиқотчилар паст мотивацияли кишиларни ўрганиш жараёнида дангасаликка мойиллик генетик хусусиятга боғлиқ бўлиши мумкинлиги билан қизиқди. Тадқиқот ишлари давомида 17 000 ген ичидан баъзи одамларнинг машқлар учун мотивация тополмаслик сабабларини тушунтириб берувчи 36 ген излаб топилди. Генлар нимага мойил бўлишидан қатъий назар, буни ўзгартириш шахснинг ўзига боғлиқ. Бунда иродавий сифатлар орқали дангасалик ва боқимандалик табиатини енгиш мумкин. Бу ҳам қисман генетик тузилишлар муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Лекин ирода орқали уни енгиш зарур. Салбий одатлардан воз кечиш қанчалик қийин бўлмасин, улардан қутулиш учун ҳаракат қилиш, соғлом, фойдали ва самарали одатларни шакллантириш орқали дангасаликни енгиш ва боқиманда хулқ-атвордан қулутилиш мумкин. Дилдора ШАРОПОВА, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти, 2-курс таянч докторанти
Мамлакатимизда 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун аёлларни турмушда, ишда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. 2023 йил яна бир қонунга биноан, оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди. Унга кўра, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғорда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга шахсга нисбатан мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш ҳолатлари учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун қонунчиликка “оилавий зўравонлик” тушунчаси киритилди? Бунга қандай зарурат бор эди? Оилавий зўравонлик жамиятда кенг тарқалган, қийин ҳолат ва мураккаб муаммолардан биридир. Унинг салбий оқибатлари шахслар учун, бутун жамият учун жиддий хавф демакдир. Масалага ўз вақтида жиддий чора кўрилмаса, эртага у чуқур илдиз отиб, бундан-да аянчли ҳолатларни юзага келтириши аниқ. Ҳар қандай соҳанинг муаммо ва камчиликларини аниқлашда уни келтириб чиқарувчи сабаб ҳамда омилларни илмий ўрганиш муҳим. Шу мақсадда айни мавзу юзасидан “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти социологик тадқиқотлар олиб бормоқда. Хусусан, 2022 йил декабрь ҳамда 2023 йил январь ойларида республиканинг еттита ҳудуди — Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Андижон, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида тазйиқ ва зўравонликка дуч келган 183 нафар хотин-қиз ўртасида сўровнома ўтказилди. Дастлаб аёлларга “Турмуш ўртоғингиз сизга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказган бўлса, унинг сабаби нимада?”, деган савол билан мурожаат этилди. Иштирокчиларининг деярли ҳар тўртинчиси (23,1 фоиз) эрига гап қайтаргани учун шундай бўлди, деб ҳисоблашган, аксарияти (9,7 фоиз) рухсатсиз, ўзбошимчалик билан иш қилганини сабаб сифатида кўрсатган, айримлари эрининг спиртли ичимлик истеъмол қилишини келтирган бўлса, баъзи иштирокчилар (8,1 фоиз) уй-рўзғор ишларини ўз вақтида бажармагани ва рашк (8,1 фоиз) каби жавобларни келтирган. Кўриниб турибдики, юзага келаётган зўравонлик ҳолатини аёл ўз айби деб қабул қилмоқда. Тадқиқот давомида тазйиқ ва зўравонлик содир этишда зўравон ким экани бўйича респондентларнинг фикри ўрганилди. Натижалар шуни кўрсатдики, ҳар учинчи аёл (33,3 фоиз) “менга нисбатан турмуш ўртоғим зўравонлик содир этади”, деган фикрни билдирган. 26,2 фоиз сўров иштирокчиси қайнонаси, 14,4 фоизи қайнотаси ва 7,1 фоизи қайнсинглиси унга нисбатан зўравонлик содир этганини таъкидлаган. Қолган респондентлар турлича жавобларни келтиришган. Оилавий зўравонликда нафақат аёл жабр кўради, балки оиланинг барча аъзолари “иккинчи даражали жабрланувчи”га айланади. Айниқса, онага шафқатсизлик қилаётган отани кўрган болаларда оғир руҳий тушкунлик юзага келади. Уйдаги зўравонлик, худди эпидемия сингари, жабрланувчиларини танламайди. Шунинг учун ушбу иллатга қарши курашишда жамиятнинг барча аъзолари бир ёқадан бош чиқариб, фаол равишда қарши чиқиши ҳамда атрофида бўлаётган бундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги лозим. Таклифим шуки, оилавий зўравонлик масалалари бўйича психологларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини жорий этиш зарур. Зўравонлик содир этган шахслар билан тузатиш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор бериш, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, улар билан ишлаш дастурларини такомиллаштириш керак. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали оиладаги зўравонликнинг олдини олишга қаратилган маърифий тадбирларни кучайтириш, чэлленж, флешмобларни ташкил этиш яхши самара беради. Хуршида САЙДИВАЛИЕВА, “Оила ва гендер”…
ЖАРАЁН Бугун ҳар қандай масалага маҳалланинг ўзида ечим топишга урғу қаратиляпти. Бу орқали одамларга ортиқча оворагарчиликсиз, югур-югурларсиз қулайлик яратиляпти, маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланяпти. Энг муҳими, ислоҳотларнинг ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадонга кириб бориши, одамлар буни ўз танасида ҳис этишига шароит ҳозирланмоқда. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, “маҳалла еттилиги”нинг фаолияти ҳамда ёшлар билан ишлаш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида жорий йил 31 январдан буён Андижон вилояти маҳаллаларида ўрганишлар олиб бормоқда. Ўтган фурсат давомида 909 та маҳалланинг барчасида “маҳалла еттилиги” аъзолари кунлик иш бошланишидан олдин йиғин идораси олдида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳиясини тинглаш ва ижро этиш тартиби жорий этилди. Эрта тонгда янграган Давлат мадҳияси аҳоли ва мактаб ўқувчилари кайфиятига ижобий таъсир кўрсатди. Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлардан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси эрталаб (соат 07-45 да) мактаб ҳудудида мактаб директори билан бирга ўқувчиларни кутиб олиш тартиби йўлга қўйилди. Давомати паст бўлган мактабларда чора-тадбирлар белгиланиб, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги тизими жонлантирилди. “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг 765 та умумтаълим мактабида давомат билан шуғулланиш амалиёти жорий этилди. Республика ишчи гуруҳи масъуллари 743 та маҳалладаги 612 041 та хонадон ҳамда 523 та ижтимоий соҳа объектларини манзилли ўрганди. Тасдиқланган режа-жадвал асосида туман(шаҳар)ларда “маҳалла еттилиги” аъзолари учун ўқув семинарлари ўтказилмоқда. Бугунги кунга қадар “маҳалла еттилиги” ходимларидан 2 197 нафари (44,1 фоизи) ўқитилди. Уюшманинг вилоят бошқармасидаги 9 та штат бирлиги, 16 та туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ва бош ҳисобчи лавозимлари малакали кадрлар билан жамланди. 909 та маҳаллада “еттилик”нинг кунлик, ҳафталик ва ойлик режалари ишлаб чиқилиб, тадбиқ этиш чоралари кўрилмоқда. Барча маҳаллаларда банк ҳисоб-рақамлари очилиб, “Маҳалла бюджети” тизимининг амалиётга жорий этилиши йўлга қўйилди. Фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун 153 нафар маҳалла ходимлари (42 нафар маҳалла раиси, 41 нафар ҳоким ёрдамчиси, 32 нафар ёшлар етакчиси, 30 нафар хотин-қизлар фаоли, 7 нафар профилактика инспектори ва 1 нафар солиқ инспектори)ни алмаштириш юзасидан таклифлар киритилди. Андижон шаҳридаги 94 та маҳаллага 52 нафар ҳамда Хўжаобод туманидаги 39 та маҳаллага 16 нафар ижтимоий ходим танлов асосида ишга қабул қилинди. Жараёнда аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи муаммоли ҳолатлар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўриляпти. Ўрганишларда аниқланган 6 205 та муаммодан 5 252 таси қисқа муддатларда ижобий ҳал этилди. Жумладан, 1 828 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 427 нафари касб-ҳунарларни ўқитишга йўналтирилди, 170 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 101 та янги иш ўринлари яратилди. Ҳал этилиши муайян муддат ва маблағ талаб этадиган 71 та ижтимоий муаммони “Йўл харитаси”га киритиш юзасидан таклифлар тайёрланди. Шунингдек, ҳужжати мавжуд бўлмаган (туғилиш, никоҳ, ўлим) 20 нафар фуқарога ҳужжатлар расмийлаштирилди, 10 нафарининг кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилди. 2024 йилда амалга ошириладиган 204 млрд. 89 млн. сўмлик 917 та микролойиҳа рўйхати шакллантирилди (ушбу лойиҳалар ҳисобига йил якунига қадар 2 176 мингта янги иш ўринлари яратилади). Ўрганишлар давомида ижтимоий масалаларни ҳал этиш, эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатиш борасида қатор ташаббуслар амалга оширилди. Хусусан, 734 та ажралиш ёқасидаги оилаларни яраштириш чоралари кўрилиб, 1 015 та нотинч оилалардаги низоларга барҳам берилди. 1 821 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга моддий ёрдам ва 1 059 нафарига бепул дори-дармонлар тақдим этилди. Шунингдек, 123 нафар ногиронлиги бор шахслар аравачалар, 140…
Sign in to your account