Жазирамада офтоб уриши кўп учрайдиган ҳолатлардан бири. Шу боис ундан сақланиш учун бир неча тавсияларга амал қилиш лозим. Хусусан, ёзда қуёш тиғида узоқ вақт бош яланг ва баданни ҳимоя қилмаган ҳолда қолиш — офтоб уришига сабаб бўлади.
Афсуски, кўпчилик бу ҳолатга беписандлик билан қарайди. Аслида эса унга эътиборсиз бўлиш, жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки қуёш уриши — энг хавфли ҳолат бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши ва ҳароратни меъёрда ушлаб туриш қобилиятини йўқотиши натижасида юзага келади.
Унинг асосий белгилари қуйидагилар:
– кучли бош оғриғи;
– терлашнинг тўхташи, тери қуруқ ва қизарган бўлиши;
– тез ва кучли юрак уриши;
-тез-тез нафас олиш;
– ўткир нафас қисиши;
– бош айланиши;
– қусиш ёки кўнгил айниши.
Оғир ҳолатларда беморда алаҳсираш кузатилади. Тана ҳарорати, ҳатто, 41-42 даражагача кўтарилиши, чуқур беҳушлик ҳолати кузатилиши мумкин. Бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозим. Сўнг горизонтал ҳолда ётқизилиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш керак. Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби қуёш урган инсонга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур.
Иссиқлик уришининг олдини олиш учун бир неча тавсияларга амал қилиш лозим. Хусусан, жазирама кунларда организм кўп сув талаб қилади. Шу боис сувсизланишнинг олдини олиш учун кунига 3 литр миқдорда суюқлик ичиш (совутилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар) лозим. Тўғри тушадиган қуёш нурларидан сақланиш, ундан ҳимояловчи кремлар, кўзойнаклар ҳамда соябонлардан фойдаланиш керак.
Ёш болалар, кекса кишилар ва сурункали хасталиклар (юрак-қон томир, эндокрин, нафас олиш аъзолари, метоболик ва руҳий хасталиклар) билан оғрийдиган беморлар иссиқлик уришига кўпроқ мойил. Шу сабабли улар саломатлигини мунтазам кузатиб бориш муҳим.
Дониёр АЛИМОВ,
Республика шошилинч тиббий ёрдам
илмий маркази директори.