Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмидан зиёдроғи, яъни 1.4 миллиард одам етарлича жисмоний меҳнат ёки машқлар билан шуғулланмайди. Бу юрак хуружи, қандли диабет ва саратоннинг баъзи турларининг юзага келиш хавфини янада ортишига сабаб бўлади. Тадқиқотчилар 168 мамлакатда, жами 1.9 миллион нафар инсон иштирок этган 358 та сўровномаларни синчиклаб ўрганиб чиқди. Аниқланишича, АҚШ ва Буюк Британия каби ривожланган давлатлар аҳолиси орасидаги жисмоний ҳаракатсизлик даражаси 2001 йилдаги 32 фоиздан 2016 йилга келиб, 37 фоизга ошган. Бу вақт ичида қашшоқ давлатлардаги бу кўрсаткич (16 фоиз) барқарорлигича қолган. Ҳафтасига 150 дақиқа ўртача ёки 75 дақиқадан кам фаол жисмоний ҳаракат билан шуғулланмаслик жисмоний сустлик сифатида тавсифланади. Германия, Янги Зеландия ва АҚШ жисмоний сустлик энг тез суръатларда ўсиб бораётган давлатлар қаторидан жой олган.
Тадқиқот муаллифлари аёллар ўртасида жисмоний ҳаракатсизлик даражасининг юқорилиги вақтининг катта қисмини бола тарбиясига сарфлаш ва уйда ўтиришга ундовчи маданий урф-одатлар каби омилларга боғлиқлигини таъкидлаган. Экспертлар ривожланган мамлакатлардаги жисмоний сустликни тобора кам жисмоний ҳаракат талаб қиладиган ишлар кўпайиб бораётгани, транспортдан фойдаланиш имкониятлари кенгаяётгани билан изоҳлайди.
Мазкур тадқиқот раҳбари Регина Гутолд шундай дейди: “Жаҳон аҳамиятига молик бошқа соғлиққа хавф солувчи таҳдидлардан фарқли ўлароқ, жисмоний фаоллик даражаси пасайган, шунингдек, дунё аҳолисининг чорак қисми соғлом турмуш тарзи учун муҳим бўлган жисмоний машқлар билан етарлича шуғулланмайди. Жисмоний сустлик даражаси ошиб бораётган минтақалардаги соғлиқ билан боғлиқ ҳолат ўта хавотирлидир.»
АҚШнинг Орегон штатидаги Соғлиқни сақлаш ва фан университети неврологик хулқ-атвор бўлими олимлари инсондаги дангасаликка, айниқса, мотивация, яъни туртки етишмаслиги эканини айтишган. Бу ирсий ноқислик ҳисобланиб, бу наслга ҳам таъсир этишини маълум қилди. Инсон танасидаги соғлом генлар тананинг фаоллиги ва ҳаракат даражасини тартибга солишга хизмат қилади. Ҳаракатни такомиллаштириш, бизни яна ва яна ҳаракат қилишимизни талаб қилади. Бу ижобий туйғуларга эга бўлишимизга сабаб бўлади. Агар шу ҳодисага масъул генда мутацион ўзгариш пайдо бўлганда, унинг ретсепторларни рағбатлантириш қобилияти пасаяди, миямиздаги допамин тизимининг кўп функцияларини йўқалади.
Тадқиқотчилар паст мотивацияли кишиларни ўрганиш жараёнида дангасаликка мойиллик генетик хусусиятга боғлиқ бўлиши мумкинлиги билан қизиқди. Тадқиқот ишлари давомида 17 000 ген ичидан баъзи одамларнинг машқлар учун мотивация тополмаслик сабабларини тушунтириб берувчи 36 ген излаб топилди.
Генлар нимага мойил бўлишидан қатъий назар, буни ўзгартириш шахснинг ўзига боғлиқ. Бунда иродавий сифатлар орқали дангасалик ва боқимандалик табиатини енгиш мумкин. Бу ҳам қисман генетик тузилишлар муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Лекин ирода орқали уни енгиш зарур. Салбий одатлардан воз кечиш қанчалик қийин бўлмасин, улардан қутулиш учун ҳаракат қилиш, соғлом, фойдали ва самарали одатларни шакллантириш орқали дангасаликни енгиш ва боқиманда хулқ-атвордан қулутилиш мумкин.
Дилдора ШАРОПОВА,
“Оила ва хотин–қизлар” илмий–тадқиқот
институти, 2-курс таянч докторанти