— Маҳалламизда ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. Уларга давлат томонидан тегишли ёрдамлар, нафақа пуллари тўлаб берилмоқда. Яқинда улардан бирини ишга жойлаштиргандик. Бироқ корхонада унга на қисқартирилган иш вақти, на имтиёзли меҳнат таътили тақдим этиляпти. Айтингчи, меҳнат қонунчилигида ногиронлиги бор шахсларга қандай имтиёзлар белгиланган?
Фахриддин УСМОНОВ,
Сариосиё туманидаги
“Боғистон” маҳалласи раиси.
Саламат ТУРЕМУРАТОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— Қонунчиликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай яшаши ва ҳаракатланиши, меҳнат қилиши учун шароитлар яратиш бўйича қоидалар мавжуд. Хусусан, ҳар йили ҳокимликлар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органлари йўлланмасига кўра ишга жойлашиши кафолатланади.
Соғлиғи ҳолатига кўра, ишда ишлаши таъминланади
Бундай тоифадаги шахслар меҳнатидан уларга соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлган ишларда фойдаланиш тақиқланади. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлиқсиз иш вақти режими тўғрисидаги, юкламани камайтириш ҳақидаги ва меҳнатнинг бошқа шарт-шароитлари тўғрисидаги тавсиялари иш берувчи томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Жамоа шартномасида ёки меҳнат шартномасида белгиланадиган меҳнат шарт-шароитлари, шу жумладан, иш ҳақи, иш вақти ва дам олиш вақти режими, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қонунчиликда белгиланганидан кам бўлиши ҳамда бошқа ходимларга нисбатан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштириши ёки уларнинг ҳуқуқларини чеклаши мумкин эмас. Ногиронлиги сабабли улар билан меҳнат шартномаси тузишни ёки ишда унинг юқори лавозимга кўтарилишини рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Мажбурий тиббий кўриклардан ўтказилади
Ногиронлиги бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади ва кейинчалик ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши лозим. Дастлабки мажбурий тиббий кўриклар иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Иш вақти қисқартирилади
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Улар учун кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, лекин олти кунлик иш ҳафтасида — 6 соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — 7 соату 30 дақиқадан ортиб кетмаслиги керак. Уларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш тегишли касб ва лавозимлардаги ходимларга тўлиқ иш вақти давомийлигидаги миқдорда амалга оширилади.
Хизмат сафарига розиликсиз юбориш мумкин эмас
Ногиронлиги бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишга, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга фақат уларнинг розилиги билан, агар ушбу ходимлар учун бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.
Камида 30 кунлик меҳнат таътили берилади
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга давомийлиги камида 30 календарь кундан иборат йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган вақтида фойдаланиши мумкин. Уларни меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, иш берувчи бундай тоифадаги ногиронлиги бўлган ходимнинг хоҳишига кўра, унинг ёзма аризаси асосида унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда ҳар йили давомийлиги 14 календарь кунгача бўлган таътил бериши шарт.