Хусусан, корхона ва ташкилотда ишлаб келаётган ходимларнинг ойлик маошини бериш учун бирон-бир буйруқ ёки кўрсатма хати бериш керак. Агар ушбу буйруқ ёки кўрсатма хатлари берилмаса, ой охирида молия органлари ходимларга маош учун пул ажратадими?
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг маълум қилишича, Президентнинг 2022 йил 21 декабрдаги ҳамда 2023 йил 25 январдаги тегишли фармонлари билан маъмурий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар давомида штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш берувчи томонидан ишга жойлаштириш чораларини кўриши белгиланган.
Ҳозирги кунда штат бирликлари қисқартирилган ходимларга меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган. Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабларидан келиб чиқиб, огоҳлантириш муддатларини узайтириш иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси биринчи қисми 1-бандида огоҳлантириш муддати камида икки ой олдин берилиши кераклиги белгиланган. Шунга кўра иш берувчи томонидан ушбу огоҳлантириш муддатини узайтириш қонуний ҳисобланади.
Бу жараён ходимга огоҳлантириш муддати узайтирилганлиги маълум қилинган хат (хабарнома) тақдим этиш орқали амалга оширилиши тавсия этилади. Белгиланган муддатларда ишга жойлаша олмаган ходимлар учун огоҳлантириш муддатини узайтирилиши уларга ўзига мақбул иш ўрни топишида имконият яратади.
Амалдаги Меҳнат Кодексининг 92-моддасига кўра, штатлар сони қисқартирилган иш берувчи ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт. Ушбу талабга риоя этилмаган тақдирда ноқонуний ишдан бўшатиш ҳисобланади.
Агар Меҳнат кодексининг 102-моддасига кўра, барча жараён тўғри бажарилган бўлса, молия органлари маблағни ажратишга мажбур ҳисобланади. Агар ажратмаса, икки ташкилот ўртасида низо вужудга келса, суд тартибида ҳал этилиши мумкин.
Х.АБДУРАҲМОНОВ