Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

-+=

“Дунё мамлакатлари” — дунёга очилган маърифат дарвозаси

МАЪРИФАТ МАНЗИЛИ

 

Бугунги глобаллашув даврида дунёни билиш, бошқа халқлар ҳаёти, маданияти ва дунёқарашини англаш инсон учун нафақат қизиқиш, балки эҳтиёжга ҳам айланиб бормоқда. Ахборот оқими кучайган замонда ишончли ва тартибли манбани топиш эса тобора қийинлашмоқда.

Ана шундай пайтда таниқли журналист, драматург, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби кўпчилик учун ўзига хос маънавий ва маърифий қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Бу китоб ҳақида гапирганда, аввало, бир жиҳат эътиборни тортади: унда фактлар шунчаки санаб ўтилмаган. Муаллиф мамлакатларни қуруқ статистика, ҳудуд ёки аҳоли сони орқали эмас, балки уларнинг руҳи, тарихи, маданияти ва инсонлари орқали тасвирлайди. Шу сабабли китобни мутолаа қилар экансиз, хариталардаги чегараларни эмас, одамларнинг тақдирларини, халқларнинг қувончи ва армонларини кўра бошлайсиз.

“Дунё мамлакатлари” китоби китобхонни дунёдан чўчитмайди, аксинча, уни дунё билан таништиради. Саҳифалар орасида сайр қилар экансиз, гўё қитъадан қитъага, мамлакатдан мамлакатга сафар қиласиз. Бир саҳифада Япониянинг меҳнатсеварлиги, бошқа саҳифада Бразилиянинг жўшқин руҳи, яна бир жойда Норвегиянинг сокин ва тартибли ҳаёти намоён бўлади. Натижада инсон ўзи билмаган ҳолда дунё халқларига яқинлашади. Улар бегона эмас, балки узоқдаги қўшнилардек туюла бошлайди.

Китобнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири шундаки, унда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида меҳр билан ёритилган. Муаллиф Ватанни баландпарвоз шиорлар билан эмас, самимий ва сокин муҳаббат билан тасвирлайди. Китобни ўқиган инсонда “Ватан” деган сўзни чуқур ҳис қилиш истаги пайдо бўлади. Гўё муаллиф ўқувчига: “Юртингни сев, аммо бу муҳаббатни амалинг билан кўрсат”, дегандек таассурот қолдиради.

Агар китобни катта бир дарахтга қиёсласак, унинг ҳар бир мамлакат ҳақидаги бўлими алоҳида шохдир. Ўзбекистон эса ана шу дарахтнинг илдизидир. Илдиз қанчалик мустаҳкам бўлса, дарахт шунчалик баланд бўй чўзади. Агар китобни уммонга ўхшатсак, ундаги мамлакатлар турли оқимлар бўлса, Ўзбекистон ўқувчини йўлдан адаштирмайдиган маёқдир.

Асарни ўқиш давомида яна бир ҳақиқатни англайсиз: дунё фақат сиёсат ёки иқтисодиётдан иборат эмас. У буюк адиблар, олимлар, мусиқачилар ва саёҳатчилар билан ҳам қизиқарли. Китоб орқали Нобель мукофоти совриндорлари қайси мамлакатларда яшагани, қайси оролларда дам олгани ёки дунёнинг қайси гўшаларидан илҳом олганини ҳам билиб оласиз. Бу эса китобни янада жонли ва қизиқарли қилади.

Айниқса, ёшлар учун ушбу асарнинг аҳамияти катта. Чунки китоб уларга фақат географик билим бермайди. У кенг фикрлашни, бошқа халқларга ҳурмат билан қарашни, дунёдаги ранг-барангликни қадрлашни ўргатади. Ҳар бир халқнинг ўз тарихи, ўз дарди ва ўз қувончи борлигини англатади. Натижада китобхоннинг дунёқараши кенгаяди, тафаккури бойийди.

Менимча, “Дунё мамлакатлари” оддий маълумотнома эмас. У инсонни саёҳатга чорлайдиган, тафаккурини уйғотадиган ва қалбини бойитадиган асардир. Уни ўқиб бўлгач, сиз дунёни аввалгидек кўрмайсиз. Чунки энди харитадаги ҳар бир нуқта ортида бир халқ, бир маданият, бир ҳаёт борлигини ҳис қиласиз. Энг муҳими, бу китоб сизни дунёга ошно қилган ҳолда, ўз юртингизга янада яқинлаштиради. Дунёни таниган инсон Ватанининг қадрига кўпроқ етади. Лазиз Раҳматовнинг ушбу китоби айнан шундай туйғуни уйғота оладиган ноёб асарлардан биридир.

Шоҳсанам НИШОНОВА

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

“Ариқ сувини тиндириб ичардик”

АВВАЛЛАРИ СУВНИ ҚЎШНИ МАҲАЛЛАЛАРДАН ТАШИБ КЕЛАРДИК. БЎЛСА-КУ, ЯХШИ, БЎЛМАСА, АРИҚДАГИ СУВНИ ТИНДИРИБ ИЧГАН ПАЙТЛАРИМИЗ ҲАМ БЎЛГАН. АЙРИМ ҲОЛЛАРДА МАҲАЛЛАМИЗГА ҲАМ СУВ КЕЛГАН, БИРОҚ ТАЪМИНОТДАГИ УЗИЛИШЛАР ТУФАЙЛИ ҚУВОНЧИМИЗ УЗОҚҚА ЧЎЗИЛМАГАН.