Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кўзгу
-+=

“Осмон қироли”нинг ўзлик сари парвози

ПРЕМЬЕРАДАН СЎНГ…

 

Ҳар сафар тайёра ердан кўтарилар экан, туйғулар яна бир бор тафтишдан ўтади. Осмон — шунчаки йўл эмас, у ирода ва ўзликни англаш майдони. Буни, айниқса, учувчилар яхши билади.

Куни кеча Миллий кино санъати саройида премьераси бўлиб ўтган “Осмони фалакларда: Осмон қироли” фильми айни мавзуни кўтариб чиққани билан томошабинлар эътиборини тортди. Воқеалар юртимиз тарихининг энг мураккаб даврларидан бири — мустақиллик арафасида кечади. Ёзувчи Хайриддин Султон сценарийси асосида кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов тасвирга олган ижод намунаси кишини чуқур мушоҳадага чорлайди.

Сюжет марказида сирли феъл-атворга эга учувчи Шамшетов ва унинг шогирди Бадалов туради. Улар ўртасидаги “Устоз-шогирд” анънасига асосланган муносабатдан кўриш мумкинки, ҳар қандай соҳада инсон ўз йўлини топиши учун ҳаётнинг паст-баландини кўрганларнинг кўмагига муҳтож бўлади. Кўрсатилган тўғри йўл, берилган мустаҳкам сабоқ тўсиқларни енгиб ўтишда қалқон вазифасини ўтайди.

— Ватанга муҳаббат ва садоқат, касбга бўлган фидойилик, бурч ва матонат ҳақида сўзловчи асар асосида янги фильм суратга олинди, — дейди Кинематография агентлиги директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев. — Ушбу картина, асосан, драма жанрида. Кино асарда авиация наинки касб ёки соҳа сифатида, балки инсоннинг маънавий баландлиги экани ўзига хос тарзда талқин этилган. Ушбу фильмда томошабин авиациянинг мафтункор оламига кириб бориши билан бирга, инсон қалбидаги мураккаб кечинмалар, виждон ва манфаат, орият ва мунофиқлик, юксаклик ва тубанлик ўртасидаги кескин курашга гувоҳ бўлади. 

Асарда илгари сурилган яна бир ғоя — ҳалоллик ҳамда касбга садоқат. Бадалов устозидан айни шу жиҳатларни қунт билан ўрганади. Ҳам учувчилик, ҳам инсонийлик нуқтаи назаридан берилган билимлар йигитга ўз йўлини топиб олишда дастур вазифасини ўтайди.

Шамшетовнинг атрофида лавозим ва мансаб ортидан югурадиган кишилар жуда кўп бўлади. Улардан бири Эшбеков билан иккиси яқин дўст эди. Лекин умр чорраҳаларидан йўллар айро тушади. Фидойилик ва лаганбардорлик ўртасидаги танлов сабаб муносабатлар узилади. Гарчи Эшбеков танлаган йўлини тўғри деб билса-да, Шамшетов уни юрагига яқин олиб, бундан қаттиқ оғриқ туяди. Ҳақиқий учувчининг увол бўлган иқтидорига ачинади. Унинг кечинмаларидан англаш мумкинки, дўстлик фақатгина юзаки мулозаматлар билан чекланиб қолмаслиги, аксинча қалб ришталарини боғловчи туйғуга айланиши керак.

Фильмда тасвирланган манзаралар томошабинни бир муддат тарихий дамларга етаклайди. Ижодкорлар ўша давр муҳитини маҳорат билан кўрсатиб берган. Бу қайсидир маънода бизга ўзаро солиштириш имконини ҳам тақдим этади. Бугунги бунёдкорлик, ўзгариш ва ислоҳотларни янада теранроқ ҳис қиламиз.

Бир сўз билан айтганда, “Осмон қироли” учувчилар ҳаёт тарзини ўзига хос ёндашув асосида кўрсатиб берган. Улар фалак бағрига кўтарилар экан, ҳар сафар умрини тахликага қўяётганини ич-ичидан ҳис қилади. Шу боис хатолари, йўл қўйган камчиликлари учун ўзини ўзи сўроқлайди. Шемшетов каби касб фидойилари эса виждон поклиги, қалб хотиржамлиги учун доим тўғри йўлни танлайди.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

“Mahalla” мухбири.

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Тўсиқ эмас, дастак билан ҳаёт завқи бошқача

МУШОҲАДА Болалик хотираларини ёдга олганимда, бехос қўшнимизнинг юра олмай, бир жойда ўтириб қолган қизи эсимга тушади. Эшитишимча, у туғилганда, шифокорлар йўл қўйган хато сабаб ногирон бўлиб қолган экан. Бу мусибат…