ҚУЛАЙЛИК
Президент имзолаган иккита муҳим ҳужжат билан пенсия тайинлаш тартибига ўзгартириш киритилди.
- “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлган фуқароларга уларнинг мурожаатисиз (“проактив шаклда”) пенсия тайинланади. Агар фуқаро унинг мурожаатисиз тайинланган пенсия миқдоридан норози бўлса ёки меҳнат фаолиятини давом эттириш ва кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирса, у тайинланган ёшга доир пенсияни рад этиш ҳуқуқига эга.
Пенсияни “проактив шаклда” тайинлаш тўғрисидаги масала фуқаро пенсия ёшига тўлган куннинг ўзида кўриб чиқилади. Агар фуқаро буни рад этса, хабарномани олган кундан эътиборан 10 кун ичида Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан ёхуд Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали сўровнома тўлдирган ҳолда мурожаат қилиши керак.
- “Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2025 йил 1 июлдан фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Хусусан, фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда, пенсиялар алоҳида мурожаат талаб этмасдан “проактив шакл”да тайинланади. Фуқарога “проактив шаклда” тайинланган пенсияларни рад қилиш ҳуқуқи берилади.
Кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсациялар электрон маълумотлар алмашинуви асосида “проактив шаклда” тайинланади. Ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида 1 йил иш стажига эга бўлганда, фуқаронинг пенсия миқдори ҳар икки йилда “проактив шаклда” қайта ҳисобланади.
Дилрабо МУҲАММАДИЕВА.