Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда, маҳалла телеграм гуруҳларида гўёки “электр тармоқла-ри корхонасиданмиз”, деб одамлардан пул ундириб юрган фирибгарлар ҳақида хабар тарқала бошлади. Хўш, бу қанчалик асосли? Ҳақиқатан улар фирибгарми? Ушбу саволларга жавоб излаб, мавзуга таҳлилий ёндашдик.
Чилонзор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси берган маълумотга кўра, қатор телеграм каналларида эълон қилинган “Электр усталарми ёки фирибгарлар?” сарлавҳаси остидаги фотолавҳа тезкор ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижаси бўйича расмий баёнот берилган. Унда қайд этилишича, электр тармоқлари компанияси ходимларига ўхшаш махсус кийимда уйма-уй юриб, шартнома асосида ўз хизматини таклиф этган ишчиларнинг хатти-ҳаракати шубҳали, деб баҳоланган. Мазкур ҳолат юзасидан бошқарманинг жиноят-қидирув бўлими ходим-лари томонидан тезкор-суриштирув тадбирлари олиб борилган.
Ўрганиш давомида муҳокамаларга сабаб бўлган электр усталар аслида ким ва қандай ташкилот эканига аниқлик киритилган. Маълум бўлишича, махсус кийимда уйма-уй юрган аёллар фирибгар эмас, балки пойтахтимиз ҳудудида хизмат кўрсатувчи “Электр тармоқ монтаж ҳолатлари” масъулияти чекланган жамияти ишчилари бўлиб чиқди. Оддий қилиб айтганда, бу жамият аҳолига уй ёки хонадон ичида электр билан боғлиқ созлаш, монтаж ва таъмирлаш хизматларини кўрсатади. Уларнинг ҳудудий бошқарув сервис компаниялари ёки туман электр тармоқлари корхонасидан фарқли томони ҳам айнан шунда.
Жамият директори Темур Кўчимовнинг айтишича, корхона 2019 йилдан бери фаолият юритиб келади. 20 минг нафардан ортиқ мижозга эга. Аҳоли билан шартнома тузиш ихтиёрий шаклда амалга оширилади. Туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини билан келишган ҳолда иш ташкил этилади.
— Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасигача кўтарилди, — дейди Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Учқунбек Ирисбеков. — “Электр тармоқ монтаж ҳолатлари” масъулияти чекланган жамияти палата аъзоси сифатида қонуний фаолият олиб боради. Жараёнда биз ҳам уларни қўллаб-қувватлаш, зарур ҳуқуқий кўмак кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз.
Шу ўринда айрим ижтимоий тармоқ фаоллари, гуруҳ ва каналлар билиб-билмай нотўғри ахборот тарқатаётгани тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ҳисобланади. Шу боис улардан бу каби ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқатмасликни сўраймиз. Палата ўз аъзоларининг манфаатини қонуний асосда ҳимоя қилишга доим тайёр.
Мақола тайёрлаш жараёнида жамият хизматидан фойдаланган айрим истеъмолчилар фикри билан ҳам яқиндан танишдик.
Олмазор туманидаги Қорақамиш 2/4, 12-уй, 14-хонадон эгаси М.Йўлдошевнинг маълум қилишича, жамият ходимлари шартнома асосидаги чақирувга биноан зал, йўлак ва ошхона ўчирғичларини янгисига бепул алмаштириб берган. Шунингдек, Юнусобод туманидаги 16-мавзе, 7-уй, 17-хонадон эгаси Умида Аҳмедова чақирув орқали бепул хизматдан фойдаланган. Шартнома асосида барча камчиликлар бепул бартараф этилган. Шу каби хизматдан фойдаланиб, муаммоси ҳал бўлган яна минглаб фуқаролар жамият ходимларига ўз миннатдорлигини билдирган. Уларнинг таъкидлашича, нархлар жуда ҳамёнбоп. 45 минг сўм тўлов эвазига йил давомида бепул хизмат кўрсатилади. Ваҳоланки, кўчада хусусий электр усталар бир дона ўчирғични 50 минг сўмдан ўрнатади.
Мухтасар қилиб айтганда, нохолис ва текширилмаган ахборотни тарқатиш орқали ҳар қандай ин-соннинг ишчанлик обрўси, шаъни ва қадр-қимматига путур етказиш мумкин. Шундай экан, ижтимоий тармоқ фаоллари, маҳалла ходимлари ва фуқаролардан ахборот улашаётганда эътиборли бўлиш ва расмий манбалардан маълумот олишни маслаҳат берамиз. Акс ҳолда қонун олдида жавоб беришга тўғри келади.
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ.