Алоқаларни яхшилашга эмас, оилалар таназзулига олиб келяпти
Қариндошлар ўртасидаги никоҳ мавзуси нозик, шу билан бирга, ўта муҳим масаладир. Боиси яқин қариндошларнинг никоҳи етти авлоддан кейин ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Бундай никоҳдан кўп ҳолларда ногиронлиги бўлган болалар дунёга келаётгани айни ҳақиқат. Статистик маълумотларга кўра, қариндош бўлмаган оилаларда туғилаётган ҳар мингта гўдакдан иккитаси ногирон бўлиб дунёга келса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар мажруҳлиги икки-уч баробар кўп...
“Хўш, нега қариндошлар ўртасидаги никоҳ барҳам топмаяпти?”, деган савол қўйилса, жавобини таҳлиллар намоён қилади: бундай никоҳ қариндошлик ришталарини сақлаб қолиш, оиланинг мол-мулкини бегонага қолдирмаслик, кексайганда тинч ва хотиржам ҳаётни ўйлаш, қариндошлар орасидаги яхши қиз ва йигитни бегонага бериб қўймаслик истагининг кучлилиги асосий сабаблар сифатида юзага чиқади. Шунингдек, қариндошлик никоҳининг сабабчилари ва ташаббускорлари кўп ҳолатларда бобо-бувилар ва ота-оналар ҳисобланади.
Исмини ошкор этишни хоҳламаган маҳалладошимиз шундай дейди:
“Бизнинг оиламиз барпо бўлишини онам истади. Ёшлигимдан холамнинг ўғлига турмушга чиқишимни уқтириб келган. “Бегонанинг уйига кетганингдан кўра, кўз олдимда бўласан, бундан ташқари, синглимнинг феъл-атвори яхши, беозор, жияним ҳам мўмин-қобил йигит, сенга зиён етказмайди”, дерди. Худди шундай сўзларни холам ҳам турмуш ўртоғимнинг қулоғига қўйган. Мана, энди анча йиллик фарзандсизликдан сўнг икки нафар эгизакни дунёга келтирдим. Бироқ болаларимдан бири ногирон, 5 ёшли бола ҳануз юрмайди, танасини тик тутолмайди. Иккинчиси, кам куч, тез-тез ҳушидан кетиб қолади. Онам мақтаган холам эса: “Ногирон бола дунёга келтирдинг”, деб ҳар куни жанжал қилавериши ортидан турмуш ўртоғим билам ажрашдик. Ҳар куни фарзандларимга қараганимда бир ўлиб, тириламан. Шу тақдирга мен сизларни дучор қилдим, деб ўзимни айблайман”…
Афсуски, бундай аянчли тақдирлар сони ошса-ошяптики, асло камайгани йўқ. Қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш ҳолатлари ва унинг сабабларини ўрганиш мақсадида мамлакатимизнинг 200 та туманида 6 974 нафар маҳалла раислари иштирокида ўтказилган ижтимоий сўровномада қариндошлар ўртасида тузилган никоҳдаги оилаларнинг ҳаёти қандай кечаётгани таҳлил қилинди. Респондентларнинг 25,2 фоизи бундай оилаларда етарли даражада зиддият ва низолар учраб турганини, 24,9 фоизи ногирон фарзандлар борлигини, лекин тақдирга тан бериб яшаётганини, 8,9 фоизи қариндошлик асосида қурилган оилаларда вазият оғир, муаммолар кўп, қуда-андачиликдаги доимий келишмовчиликлар бўлаётганини билдиришган. Ана шу биргина сўровноманинг ўзиёқ масала нақадар жиддий эканини очиб беради.
Қизиқ, қанчадан-қанча тушунтиришларга қарамай, ёшларнинг оиласи, яқинлари бу никоҳнинг якуни таназзул билан тугаши мумкинлигини кўра-била туриб шунга интилса? Катталар ёшлар бахти остида яширинган яхшигина молк-мулкка эга бўлиш, қариганда ёлғиз қолишдан қўрқиш, опа-сингил, ака-ука қариндошлик алоқаларини узоқ вақт сақлаб қолиш каби манфаатларини амалга ошириш орқали икки ёшнинг тақдири заволга юз тутишига сабабчи бўлаётганини қачон англаб етади? Бундай ҳолатда уларнинг туғилажак фарзандлари тақдирига ким жавобгар бўлади? Афсуски, бошга иш тушганда, ҳатто энг яқин инсонларинг ҳам сендан қўлини тортади.
Шундай экан, қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ натижасида ногирон фарзандларнинг туғилиши, уларда ирсий касалликларнинг юзага келиши каби салбий оқибатларнинг кўпайиши бундай никоҳлардан йироқ бўлиш учун етарлича асос бўла олади. Шу билан бирга, оилалардаги оғир вазиятлар, муаммолар, оилавий низо ва келишмовчиликлар туфайли қариндош-уруғлар ўртасига совуқлик тушиши каби кўплаб ижтимоий оқибатлар ҳам бундай никоҳлардан воз кечиш зарурлигини кўрсатади.
“Оила кичик Ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади”. Шунинг учун Конституциянинг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” экани белгилаб қўйилган. Демак, ҳар биримиз соғлом авлодни вояга етказишга, жамиятнинг пойдевори бўлган фарзандларимиз келажагига бирдек масъулмиз.
Шаҳноза ХАЛИЛОВА.
“Mahalla”