Иш фаолиятимни 2022 йилнинг июль ойидан бошлаганман. Маҳалламиз Нукус шаҳрининг марказида жойлашган бўлиб, асосан, кўп каватли уйлардан иборат. “Драйвери”миз — хизмат кўрсатиш. Аҳоли сони 6 720 нафар. Кўмакка муҳтожлар тоифасига киритилган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар режаси тузилган. Ҳозирда уни босқичма-босқич амалга ошириб боряпмиз.
Ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинлангунимга қадар, шаҳардаги 22-умумтаълим мактабида инглиз тили фани ўқитувчиси эдим. Чет тилини билганим янги ишда қўл келди. Бир гуруҳ касбдошлар билан Хитойда тажриба ошириб, қайтгач, ўрганганларимни амалиётга татбиқ эта бошладим.
Маҳалла аҳолиси билан янада кўпроқ фикр алмашиш учун Тelegram гуруҳи ташкил этдим. Ҳудудда истиқомат қилувчи барча фуқаролар унга аъзо. Ҳар куни биргаликда маҳалла муаммоларини муҳокама қиламиз, ечими устида фикрлашамиз. Одамлар маҳалла идорасига шахсан келолмаса-да, мана шу гуруҳ орқали муаммосини ёза олади. Бундан ташқари, ҳар ойда Тelegram гуруҳида “Сизни қандай муаммо қийнмоқда?” номи остида онлайн сўровнома ўтказишни йўлга қўйдим. Дастлабки сўровномада болалар ўйингоҳлари ташкил этиш, кузатув камералари ўрнатиш ва тунги ёритгич чироқларини кўпайтириш бўйича таклиф билдирилди. Ҳамкор ташкилотлар, мутасаддилар билан бирга таклиф амалга ошди. Умуман, кўплаб масалалар халқ билан доимий мулоқот доирасида назоратга олиниб, масъуллар тарафидан ечиб борилмоқда.
“Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан бирга ишлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиққанмиз. “Йўл харитаси” асосида ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида йил давомида мономарказларда касб-ҳунарга ўқитилиб, уларга субсидия ва кредит асосида асбоб-ускуна олишда ёрдам кўрсатилди.
Хатловда аниқланган 74 нафар ишсиз фуқаронинг 15 нафари касбга йўналтирилиб, ҳозирги кунда янги касб бўйича ўқишини битириш арафасида. 7 кишига субсидия ажратилди. Қолганлар мавсумий ишга жалб қилинди. Фуқароларимиз онгига камбағаллик уят тушунча эканини сингдира олишига интиляпман.
Фаолиятим давомида 25 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этдим. Тадбиркорларимиз маҳалладаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Албатта, аҳоли буни кўриб-билиб турибди, айниқса, кейинги йилларда кредит олиш анча осонлашди. Авваллари кредит олишда, тадбиркорликни йўлга қўйишда талабгорлар ориқча қоғозбозликдан азият чекарди. Бугун барча жараён рақамлаштирилиб, ариза 5 иш кунида кўриб чиқилмоқда.
Олдимга қўйган мақсадим — Хитой тажрибаси асосида маҳалламизда камбағал одам қолмаслигига эришиш. Уйда боқиманда кайфиятда ўтириб олган одамларни эмас, оз бўлса-да оиласини боқишга ҳаракат килаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш тарафдориман.
Хатлов жараёнида олинган маълумотларга кўра, маҳаллада яратилган иш ўрни кўп бўлгани билан, бериладиган иш ҳаққи фуқароларни қониқтирмайди. Мана шу номутаносибликни бартараф этиш лозим. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида кредит сўраб келганлар орасида соҳадан хабарсиз, ҳисоб-китобни билмайдиганлар кўп. Уларга аввал тадбиркорлик бўйича ўқув марказда билим олишни тавсия этсак, хафа бўлади. Қасддан кредит беришни истамаяпти, деб устимиздан шикоят қилади. Шундай фуқароларга тавсия берсак, кўп ўтмай фаолияти тўхтайди. Маблағни қайтара олмагани учун муаммоли кредит юзага келади. Афсуски, охир-оқибат бунга биз жавобгар бўлиб қоляпмиз.
Таклифим — тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида кредитга ариза берганлар аввал соҳа бўйича ўқув курсларида мажбурий билим олиши лозим.
Роза ҚУТИБОЕВА,
Нукус шаҳридаги “Ғарезсизлик” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси.