Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кўзгу
-+=

Вақт, куч ва имконият беҳуда кетмасин

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

 

Электрон сўровнома тарзида ўтказилган хатлов жараёнларида Навоий вилоятидан 1,5 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган ишсиз фуқаро давлат ташкилотларида ишлаш истагини билдирган. Ҳозиргача мазкур ҳудуд бўйича 338 та бўш иш ўрни эълон қилинган бўлиб, унда минг нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахс иштирок этмоқда.

Айни вақтгача 20 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлса, бўш иш ўринларининг 109 таси бўйича суҳбат жараёни давом этмоқда. Хусусан, Навоий шаҳрининг “Бинокор” маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган Муҳаммад Асадов vacancy.argos.uz платформаси орқали эълон қилинган бўш иш ўринига ҳужжат топширди. Натижада у Навоий шаҳридаги 3-сонли мактабда тарих фани ўқитувчиси сифатида ўз фаолиятини бошлади. Педагогика йўналишида таълимнинг магистратура босқичини тамомлаган бу йигитга янги жамоада иш бошлаш анча куч ва ғайрат бағишлади. У дарс беришдан ташқари, мустақил изланувчи сифатида илмий фаолиятини давом эттирмоқда.

Ҳудудимизда шу каби 524 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари истиқомат қилади. Фаолиятимни бошлаганимдан буён 31 та “кейс” очилган бўлса, уларнинг 25 тасини ижобий натижалар билан ёпишга муваффақ бўлдик. Одамлар рози бўлиб, кўрсатилган хизматлардан кўнгли тўлсагина ишни якунига етказамиз. Ҳеч кимнинг муаммоси ечимсиз қолиб кетмаслиги учун астойдил ҳаракат қиляпмиз.

Умрзоқ Қуллиев — 31 ёшда. Болалигидан ногирон, ҳаракатланишда муаммолари бор. У билан суҳбатлашгунимизча фақат уйда ўтирган. Кўчага чиқишга, одамларга қўшилишга сира хоҳиши бўлмаган. Хонадонига кириб борганимизда, бизни ёруғ юз ва ўзгача умид билан қаршилади. Ташқи кўринишидан анчагина бақувватлиги билиниб турарди. Имкониятлари катта экани, параспорт билан шуғулланиб, яхши ютуқларга эришиши мумкинлигини айтганимизда, бироз иккиланди. Ўзини синаб кўриш мақсадида пара ядро улоқтиришга қатнай бошлади. Икки ойлик машғулотлардан кейин маҳаллаларда ташкиллаштирилган параолимпиадада иштирок этди. Буни қаранг, йиллаб шу йўналишда шуғулланиб юрганлар қолиб, у Республикада 4-ўринни қўлга киритди. Умрзоқ аввал ҳафтада 3 кун машғулотларга борган бўлса, ғалабадан кейин ҳар куни 3-4 соат вақтини спортга бағишлаяпти. Олдига аниқ мақсадлар қўйиб, ҳаракат қилишни бошлади.

Ҳаёт шундай ажиб неъмат. Ўз устида ишлаган, синовларда енгилмаган инсонларни кутилмаган совғалар билан сийлашни яхши кўради. Аслида ҳар ким унга аталган имкониятлар эшигини ўзи очиши керак. Атрофдагилар фақат туртки ва кўмак бериши мумкин, холос.

Иш жараёнида ҳар хил инсонлар билан гаплашамиз. Муаммо ва дардларини тинглаймиз. Биринчи навбатда, кайфиятини ўрганамиз. Кузатувларимиз натижасига кўра, кам таъминланган оилаларда тушкунлик кўпроқ сезилади. Айниқса, фарзандига етарлича шароит яратиб бера олмаётгани, тўгарак ва қўшимча машғулотларга юбора олмаётганидан куюнади. Уларга бироз кўмак бериш мақсадида фарзандларининг 3 ойлик IT курсларида бепул таҳсил олишига ёрдамлашдик. Битирувчилар компьютер саводхонлиги ва дастурлаш бўйича бошланғич билим ва малакага эга бўлди. Бундан ташқари, 20 дан ортиқ оилага болалар нафақаси тайинланди.

Боланинг ота-она бағрида улғайганига нима етсин. Лекин турмуш ташвишлари, рўзғор юки баъзиларни оиласидан узоқда яшашга мажбур қилади. Ҳудудда 3 нафар вояга етмаган боланинг яқинлари хорижда ишлаш учун кетишган. Вақтида пул юбориб, моддий таъминотини қилиб турибди. Аммо уларнинг ёнида таълим-тарбиясини назоратга оладиган, қинғир ишлардан қайтариб турадиган одам бўлиши шарт. Шу мақсадда  барчасига қариндошларини расман васий этиб тайинладик.

11 ёшдаги бу қизнинг ота-онаси чет элга кетганига 5 ойдан ошди. Айни вақтда бувисининг қарамоғида. Шундай бўлишига қарамай, ўқишлари жуда сусайиб кетган. Ҳатто, синфда қолдириш масаласи кўндаланг қўйила бошлади. Тарбиясида турли салбий жиҳатлар пайдо бўлди. Бундан ҳабар топганимиз ҳамон ёши 60 дан ошган бувисининг олдига бордик. Расман васий бўлишга кўндирдик. Барча ҳужжат ишлари якунига етгач, васийнинг бола олдидаги мажбуриятлари ҳақида батафсил тушунтирдик. Эътиборсизлик жавобгарликка сабаб бўлишини билгач, набирасининг тарбиясига жиддийроқ ёндашишни бошлади. Орадан 3 ой вақт ўтиб, қиз синф сардори бўлди. Барча тадбир ва байрамларнинг фаол иштирокчисига айланди.

Ҳар бир эришилган ижобий натижадан куч оламан, янада илҳомланиб, кўпроқ одамларга ёрдам беришга интиламан. Аслида, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш, шароитини яхшилаш — асосий вазифамиз. Лекин унга топшириқ сифатида эмас, инсоний бурч деб ёндашиш бошқа нарса. Ёрдамга муҳтожларни бирини акамиз, бирини укамиздек кўрсак, чин дилдан унинг муаммосин ҳал қилишга қайғурсак, албатта, кутилган натижага эришамиз. Одамлар олдида юзимиз ёруғ бўлади. Асосийси, бизга берилган вақт, куч ва имконият беҳуда кетмасин!

Ғиёс СОБИРОВ,

Навоий шаҳридаги “Бинокор”, “Лочин” ва

“Янгиобод” маҳаллалари ижтимоий ходими.

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Сиртқи таълим масаласида маҳалламиз аёлларининг баҳси

    Кечки маҳал ишдан қайтаётсам, маҳалламиз аёллари кўча бошида тўпланишиб, қизғин муҳокама билан банд экан. Одатдагидек салом-аликдан сўнг уларнинг даврасига қўшилдим. “Ана, айни вақтида келди. Бафуржа домиланинг ўзидан сўраб…