Йигирма йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланаман. Ерга, экинларга бор меҳрим билан ишлов бериб сира кам бўлмадим.
2019 йилда турмуш ўртоғим иккимиз ижтимой тармоқларни кузатиб юриб, иссиқхона қуришга қизиқиб қолдик. 4 сотихли томорқамизда яхши ниятлар билан иш бошладик. Биринчи йили бодринг экдик. Кейин унинг ёнига помидор кўчатларини қададик. Йилдан-йилга тажрибамиз ошиб, даромад ҳам шунга қараб кўтарила бошлади. Ҳозир кичкинагина иссиқхонамиздан йилига 50-60 миллион сўм соф фойда кўряпмиз.
Шунинг орқасидан 2 нафар фарзандимиз ўқияпти. Катта қизим Польшада бизнес йўналиши бўйича магистратурада таҳсил олади. Кенжам эса IT технологиялари бўйича етук мутахассис бўлишни мақсад қилган. Турмуш ўртоғим хорижий мамлакатларга юк ташийди. Шароит тақозоси билан кўпинча уйда ёлғиз қоламан. Шундай вақтларда томорқамдаги экинларим менга ҳамроҳ бўлади. Уларга ишлов бериб, парваришлаб вақтимни қандай ўтганини билмай қоламан.
Асосий деҳқончилик фаолиятимиз февралдан бошланади. Бодрингни 50 кунда бемалол терса бўлади. Ҳар йили март ойининг охирларидан бозорга маҳсулот чиқаришга киришамиз. Унинг ортида помидор йиғим-теримига ўтамиз. Ўтган йили август ойида экилган қулупнай кўчатларимнинг нишонаси пишиб етилиш арафасида. Доналари йирик-йирик, энг муҳими йил-ўн икки ой ҳосил беради. Бўшаган жойларга кетини узмай пиёз, исмалоқ, укроп уруғларини сепаман.
Ўтган йили маҳалла тавсияси билан 30 миллион сўм кредит олдик. Бу пулга махсус вентелятор харид қилдик. Иссиқ кунларда ҳаво айланишини таъминлаб беради. Ҳатто ёзнинг саратонида ҳам экинларни иссиқхона шароитида парваришлаймиз. Фақат усти соябон билан ёпиб қўйилса бас. Бундай муҳит экинларни турли ҳашарот ва касалликлардан ҳимояга қилиш учун жуда қулай. Ҳафтада бир марта томчилатиш усули билан суғорамиз. Намлик яхши сақланади. Тупроғига чиринди ва ўғит солиб турилса, ҳосил янада йирик ва мўл-кўл бўлади.
Шу йили лимон ва банан кўчатларини экишни мақсад қилганмиз. Еримнинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ҳовлисини ўт босиб, қаровсиз аҳволга келтириб қўйган одамларни сира тушунмайман. Ахир меҳр ва меҳнат билан қуруқ ерни боғу бўстонга айлантириб юборса бўлади. Эвазига бизга хирмон-хирмон ҳосил беради.
Юлдуз КАРИМОВА,
Хонқа тумани “Пахтакор” маҳалласи.