“Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунда қонунга маҳалла раиси сайловини умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш, маҳалла раисининг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йил муддатга узайтириш каби масалалар бўйича ўзгартиришлар киритилади.
Ҳақли савол туғилади: 2019 йилда раисларнинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилган бўлса, уни яна 5 йилга узайтиришга қандай зарурат туғилди?
Бугун ҳар қандай масалани маҳалла даражасида ҳал этишга урғу қаратиляпти. Шунга кўра, давлат ўз зиммасидаги кўплаб вазифаларни маҳаллага ўтказяпти. Барча аҳоли қатламини қамраб олиш учун маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, солиқ ва профилактика инспекторидан иборат “еттилик” тизими жорий этилди.
Иш ҳажми кўпайганидан кейин уларни тақсимлаш, “еттилик” вакилларининг бошини бирлаштириш, ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш учун маҳалла раиси тажрибали, одамлар кайфиятини, яшаш тарзини яхши биладиган инсон бўлиши керак. Тажриба эса 2 ёки 3 йилда йиғилмайди. Қолаверса, 3 йил муддат раисларнинг ўз билим ва бошқарув қобилиятларини тўлиқ намоён этиши учун етарли эмас эди. Дейлик, маҳалла раиси камбағал оилаларни бу тоифадан чиқариш, ҳудудда янги лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатса, буларнинг барчасини бажаришга 3 йил вақт камлик қиларди.
Эндиликда янги қонун лойиҳаси билан фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилиши уларга ўз маҳоратини тўлиқ намоён этиши учун кўпроқ имконият яратади. Шунга кўра, бундан буён 5 йилга сайланадиган маҳалла раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир фидойилар бўлиши, маҳалла аҳлининг фикр-ўйлари, мақсадларини иш фаолияти орқали ифода этиши талаб қилинади. Раис ўз ишининг устаси бўлиши, вазифаларини яхши англаши, сидқидилдан меҳнат қилиши, намунали иш тажрибаларини оммалаштириши лозим.
Яна бир гап: 5 йиллик муддат раисдан катта масъулият талаб қилади. Зеро, бу ўринда энди маҳалла раислари айрим ўринларда учраётган салбий ҳолатлар — ташаббус ва фидойилик кўрсатмаслик, маҳаллага дам олиш маскани сифатида қараш, ўз устида ишламаслик, тажриба орттирмаслик, ҳудудга мос илғор иш тажрибаларини яратмасликдан йироқ бўлиши керак. Маҳалла ислоҳотлар жараёнида фаол бўлиши, ундан узилиб қолмаслиги лозим.
Хўш, сиз бунга нима дейсиз, маҳалладош?
Санжар ИСМАТОВ.