бу муаммога ечим бўла оладими?
Сўнгги йилларда ёқилғи-энергетика тармоғини комплекс ривожлантириш ҳамда энергия ресурсларига тобора ошиб бораётган эҳтиёжни таъминлашнинг муҳим омили бўлган энергия манбаларини диверсификация қилиш, яъни янгилаш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганига қарамасдан, соҳада айрим камчиликлар сақланиб қолмоқда. Масалан, ҳаво салгина совуши билан табиий газ босими пасайиб, автомобилларга газ қуйиш шахобчаларида турнақатор навбат юзага келмоқда. Бу вазиятдан чиқиш учун ҳар сафар Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг хизмат кўрсатиш графигига вақтинчалик чеклов ўрнатилади. Бунинг замирида биринчи навбатда аҳолига газ етаказиб бериш ётади. Аммо чора-тадбирлар иккинчи тоифа истеъмолчилар ҳуқуқини бузилишига, сарсонгарчилигига сабаб бўлмоқда. Яъни, юқорида таъкидлаганимиздек, газ қуйиш шаҳобчаларида турнақатор навбатлар юзага келиб, бунинг ортидан ноқулайликлар туғилмоқда.
Ниҳоят муаммога Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ечим таклиф қилди. Хусусан, “Адолат” СДП фракцияси ҳамда партия марказий Кенгаши билан ҳамкорликда жойларда олиб борилган ўрганишлар ва фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга кўра, об-ҳавонинг совиши натижасида табиий газни етказиб бериш камайгани ёки вақтинча тўхтатилгани тўғрисида олдиндан истеъмолчиларни хабардор қилмаслик ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатларда вақт йўқотишларга ва табиийки аҳолининг ҳақли эътирозлари сабаб бўлмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирига мавжуд ҳолат бўйича асослантирилган тушунтириш ва изоҳ берилиши юзасидан депутатлик сўрови юборилди. Жумладан депутат Д.Ҳамзаев киритган сўровда нима учун қаердаги шаҳобча қайси вақтдан қайси вақтгача ишлайди, қандай ёқилғи турлари борлиги ҳақида маълумотлар тизимлашмагани, аҳолига энергия ресурларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш ва ёқилғи қуйиш шахобчаларида хизмат кўрсатишда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қандай чоралар кўрилётгани сўралган.
Чиндан ҳам, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун газ қуйиш шахобчалари ҳақида маълумотлар(шахобчаларнинг ишлаш вақти, ишлаётгани ёки ишламаётгани, айни ҳолатдаги ёқилғи қолдиғи ва бошқалар) умумлаштирилган онлайн ахборот тизими(мобил иловаси билан бирга) нима сабабдан шу вақтгача яратилмагани барчани қизиқтиради.
Бу саволга Энергетика вазирлиги ахборот хизмати муносабати билан қизиқдик. Ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаевнинг маълум қилишича, бу таклиф бўйича вазирликда аввалдан ҳаракат бошланган. Айнан тизимни рақамлаштириш ҳозирда сўнгги босқич ишлов жараёнида. Бунда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, платформа жорий йил якунигача ишга тушади.
Газ қуйиш шаҳобчалари умумлаштирилган онлайн ахборот тизимини яратиш ва тизимли фаолиятини йўлга қўйиш таклифи ва унда акс этувчи шохобчаларнинг ишлаш вақти, ишлаётгани ёки ишламаётгани, айни ҳолатдаги ёқилғи қолдиғи ва бошқа маълумотлар яратилгани яхши, аммо бу — йўқ газни бор қилиб бера оладими? 2020 йилда Энергетика вазири ўринбосари саволга жавоб бериб, Ўзбекистонда 2025 йилгача бозор тамойилларига асосланган энергетика бозори яратилади. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, 2025 йилга келиб асосий муаммолар ҳал бўлади, деган эди. Лекин афсуски, айтилган муддат келишига оз қолган бўлса-да, асосий муаммо долзарблигича турибди.
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ,
“Mahalla” мухбири.