Қуйидаги ҳолларда қарз олувчининг аризаси тизим томонидан скоринг маълумотлари асосида автоматик рад этилади:
қарз олувчининг Ягона электрон платформада кўриб чиқиш жараёнида аризаси мавжуд бўлганда;
18 ёшга тўлмаган фуқаро номидан ариза берилганда;
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга;
муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган ёхуд меҳнатга лаёқатсиз фуқаро номидан ариза берилганда;
қарз олувчининг дастур доирасида тўлиқ қайтарилмаган кредити мавжуд бўлганда (Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитлар бундан мустасно);
қарз олувчининг банк кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлганда;
аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланилганда;
салбий кредит тарихига эга бўлганда;
қарз олувчининг солиқ органлари, мажбурий ижро бюроси органлари ва бошқа тўловлардан қарздорлиги мавжуд бўлганда.
Қуйидаги мақсадлар учун кредит ажратилмайди:
илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
савдо-воситачиликни амалга ошириш;
умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;
ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни (мебель, уяли телефон, маиший техника ва бошқалар) сотиб олиш;
енгил автотранспорт воситалари (ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда иштирок этувчи кичик мототранспорт воситалари бундан мустасно), жумладан, йўловчи ташувчи автомобиллар сотиб олиш;
маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан, хизмат автомобиллари таъминоти;
бино ва иншоотлар сотиб олиш ва қуриш (Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш дастури бўйича дала дўкони, уруғлик, минерал ўғит ва кўчат дўконлари ташкил қилиш бўйича кўзланган мақсадлар ҳамда енгил конструкцияли бино ва иншоотлар қуриш бундан мустасно) учун ажратилмайди.