Президент таклифи маҳаллани жамиятнинг маънавий қиёфасига айлантириш бўйича янги ҳаракатни юзага келтирди
Ҳар қандай инсон остона босиб, кўчага чиқиши билан уни маҳалласи қарши олади. Яхши кунида елкадош, тушкун вақтида маслакдош бўладиган ҳам маҳалладир. Ҳар бир амалида “Маҳалла-кўй нима дейди?” деган савол асосида иш тутадиганлар маҳалланинг чинакам фарзанди ҳисобланади. Аҳолисининг ташвишларини ўзиники, деб билган маҳаллалар халқнинг виждони демакдир.
Ўзини ўзи бошқаришнинг муҳим институти бўлмиш маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий асослари Конституция даражасида такомиллаштириляпти. Жумладан, Бош қомусимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказларини ташкил этиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Маҳаллаларнинг бошқарув ходимлари сони солиқчи ва ижтимоий ходим қўшилиши ҳисобига еттитага кўпайди. Маҳалланинг ўзида 70 дан ортиқ масала, жумладан, моддий ёрдам ва кредитлар ҳал этилиши, тизим тўлиқ рақамлаштирилиши, маҳалла раисининг ваколатлари кенгайиши белгилаб қўйилди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Маънавият ва маърифат Кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида ҳудудлардаги тўртта секторга қўшимча бешинчи – “Маънавият сектори”ни ташкил қилиш, бу борада “Сурхондарё тажрибаси”ни яратиш бўйича таклиф билдирган эди. Бу таклиф маҳаллани жамиятнинг маънавий қиёфасига айлантириш бўйича янги ҳаракатни юзага келтирди.
Шу ўринда “Маънавият сектори”нинг вазифаларига қисқача тўхталиб ўтсак. Ушбу секторга ташкилот ва корхоналарнинг масъул раҳбарлари, зиёлилар бириктирилиб, ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий харитаси яратилади. Сектор жамиятдаги мавжуд муаммоларга тизимли ёндашиб, амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштиради ҳамда мазкур соҳадаги вазифалар бўйича жавобгар ҳисобланади.
Маҳаллаларда маънавият секторини ташкил қилиш ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш билан бирга, аҳолини китобхонликка жалб этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маданият ва санъатга ошно қилиш, унутилиб кетилаётган миллий қадриятлар ва анъаналарни оммалаштириш ҳамда халқимиз орасида меҳр-оқибат туйғуларини кучайтириш каби бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Бу жараёнда ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этиш, аҳолини кенг кўламда китобхонликка қайтариш, вақтли матбуот нашрларига обунани йўлга қўйиш, ҳар бир хонадонга газета-журналларнинг кириб боришини таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда маҳаллаларда манзилли чора-тадбирлар режасини белгилаб олиб, маънавий-маърифий тарғиботни йўлга қўйиш, “еттилик” фаолиятини уйғунлаштириш мақсадга мувофиқдир. Шу боис Марказнинг масъул ходимлари ҳудудлардаги маҳаллаларда бўлиб, “Маънавият сектори”ни ташкил этиш бўйича услубий-амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Келинг, сектор фаолиятини айнан Сурхондарё вилояти мисолида кўриб чиқайлик. Бугун вилоятнинг барча туман-шаҳарларида шундай секторлар фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, Олтинсой туманидаги Алибой Бўтаев номидаги маҳаллада “Намунали маҳалла “Маънавият сектори” ташкил этилиб, унга бир қанча амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ўтган муддат давомида маҳалланинг маънавий қиёфасини акс эттирувчи бир қатор лойиҳалар асосида марафон ва “Бизнинг обод маҳалламиз” лойиҳаси доирасида “Онам эккан райҳонлар” акцияси ташкил этилди. Кўчалар, хонадонларни ободонлаштириш, мавсумий кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Натижада 4 нафар қиз ва 2 нафар келин туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан рағбатлантирилди.
“Маҳалламизда ҳашар” лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила — О.Турдиеванинг хонадонида туман ҳокимлиги ҳомийлигида маҳалла ёшларини жалб этган ҳолда ҳашар уюштирилиб, таъмирлаш ишлари бажарилди. “Спорт ҳамроҳ – спорт дўст” лойиҳаси асосида маҳаллада ўғил болалар ўртасида футбол, қиз болалар ўртасида волейбол жамоаси ташкил этилди. Маҳалладаги “Оқарбулоқ тонги” ашула ва рақс этнографик ансамбли фаолияти қайта жонлантирилди.
Қолаверса, “Менинг маҳаллам – маънавият маскани” мавзусида маънавият марафони ташкил этилиб, унинг доирасида “Ассалому алайкум – дунёдаги энг ширин калом”, “Маҳалладаги файзли ва ихчам тўй”, “Маҳалламнинг обод хонадони”, “Ёр-ёр айтган оналар”, “Алла – сеҳрли қўшиқ”, “Менинг маҳаллам – жиноятдан холи маҳалла”, “Маҳалламнинг манзур қизи”, “Маҳалламнинг алп йигитлари”, “Қайнонам – онам менинг, келиним – болам менинг”, “Сариштали келин – фариштали келин”, “Китобхон она – китобхон бола” тадбирлари ва танловлари ташкил этилди. Ҳомийлик асосида “Хонадон кутубхонаси учун 20 дона китоб”, “Набирам учун энг яхши совға – китоб”, “Ёш оилага 50 дона китоб” китобхонлик акциялари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деб бежиз таъкидламади. Бугунги кунда ҳудудларда тўртта секторга қўшимча равишда бешинчи – “Маънавият сектор”ларининг ташкил этилаётгани иқтисодиёт билан маънавиятнинг уйғунлиги ва чамбарчаслигини белгилаб беради.
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
бош мутахассиси.