Профилактика инспекторларига қўйилган талаб битта – жиноятнинг олдини олиб, маҳалла тинч бўлиши, одамлар хавфсиз яшаши, бугунги ҳаётидан рози бўлишидир. Шу боис барвақт ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиб, маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга интиляпмиз.
Ҳудудда Марказий ўйингоҳ, Ёшлар маркази, Истироҳат боғи, туман марказий деҳқон бозори, 4 та таълим муассасаси, 3 та боғча, 15 та корхона-ташкилот, 11 та ошхона, 1 та меҳмонхона, 3 та кафе, 287 та тадбиркорлик субъекти бор. “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида 2198 нафар аҳоли яшаётган маҳалланинг асосий кўчаларига 16 та кузатув камералари қўйиб, ишхонамга интеграция қилганман. Шунингдек, Вобкент туман марказий деҳқон бозори ҳудудидаги 25 та кузатув камераси бозор маъмурияти хонасига интеграция қилинган. Ҳозирда 8 та корхона ва объекти тезкор қўриқлаш хизматига уланган.
Фуқаролар осойишталигини таъминлаш учун кечаю кундуз ишлайдиган махсус патруль-пост машинаси ташкил этилган бўлиб, унга икки нафар ходим бириктирилган. Шунингдек, таянч пуктида шахсий таркиб шакллантирилган бўлиб, унга бир нафар тезкор вакил, суриштирувчи ва 11 та кўча бошиси жалб этилган.
Ўтган йили 54 нафар фуқаро махсус рўйхатга олиниб, улар билан ижтимоий профилактика олиб бориш учун маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаолига бириктириб берилган эди. Шундан 28 нафарига ижобий тавсия берилиб, қўшма қарор асосида рўйхатдан чиқарилди.
Бугунги глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур. Шу боис ёшлар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, улар ўртасида шахмат-шашка, футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси мусобақалари ташкил этилмоқда. Маҳалла ёшлари Компьютр академиясида IT соҳаси бўйича ўқитилмоқда.
Ёшлар иштирокида “Қалқон” гуруҳи ташкил этилган. Икки нафар ёш уюшмаган ёшлар рўйхатига киритилган бўлса, 32 нафари “қизил” тоифага олиниб, уларга ички ишлар, миллий гвардия, адлия ходимлари, ёшлар етакчиси бириктирилиб, муаммолари ўрганилмоқда. Амалий ёрдамлар кўрсатилиб, рўйхатдан чиқарилмоқда.
Ҳудуддан “Бухоро–Тошкент” М-37 катта автомобиль йўли ўтгани учун асосий жиноятчилик автоҳолакат ва ҳайдовчиларнинг йўл талашиб ҳаракатланишидир. Ўтган йил 18 та шундай жиноят ва ҳуқуқбузарликлар рўйхатга олинган. Шу боис йўл бўйича 3 та фоторадар ўрнатилди. Шукрки, жорий йилнинг ўтган бир ойи давомида бирорта жиноятчилик қайд этилмади.
Аҳоли гавжум бўлган ҳудудларни, хусусан, шоҳбекат, марказий бозор, “Вобкент юлдузи” (бу ерда меҳмонхона, ошхона, тўйхона бор), “Паулинг” тунги клубни “қизил нуқта” сифатида белгилаб олганмиз. Бу ерларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш учун қўшимча патруль пост ва миллий гвардия ходимлари жалб этилган.
Маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашишда “еттилик”нинг ҳиссаси катта бўляпти. Айниқса, хотин-қизлар фаоли Нафиса Муҳиддинованинг ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари таҳсинга сазовор. Энг яқин кўмакчим эса, хотин-қизлар бўйича инспектор Гўзал Очиловадир.
Келгусида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, 5 та кўча ва 5 та объектга кузатув камералари, 24 та кўча ва жамоат жойларига тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш зарур. 26 та савдо дўкони қўриқлаш пунктига уланмаган. Марказий бозорда тунги вақтда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида бир нафар миллий гвардия ходимини бириктириш лозим.
Бу борада, аввала, “Менинг маҳаллам, менинг кўчам тинч ва тоза, жиноятчиликдан холи маҳалла, кўча!”, “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак!”, “Мен маҳалламга бефарқ эмасман!” каби эзгу шиор ва даъватларни амалий ҳаракатга айлантиришимиз керак. Президентимиз айтганларидек, “маҳалла тинч бўлса – юртимиз тинч, маҳалла обод бўлса – бутун мамлакатимиз обод ва фаровон бўлади”.
Жаҳонгир ОРТИҚОВ,
Вобкент туманидаги “Чармгарон” маҳалласи профилактика инспектори
PS: Вобкент туманидаги “Чармгарон” маҳалласи профилактика инспектори Жаҳонгир Ортиқов “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичида иккинчи ўринни эгаллади.