2024 йил 16-17 январь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис Конференцияси бўлиб ўтди
Маҳалла — халқ ва давлат ўртасидаги кўприк. Мазкур тузилма чинакам халқ манфаатини кўзлайдиган, аҳоли муаммоларини мустақил ҳал эта оладиган, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга қодир етакчи фуқаролик жамияти институтига айланди. Маҳалланинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Маҳалла шунчаки жамият бошқарувининг қуйи тизими бўлибгина қолмай, асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналарни безавол сақлаб келаётган эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани ҳамдир. Инсоннинг энг нозик жиҳати — эътиқоди, иймони маҳалласидаги маънавий муҳитдан озуқа олиб равнақ топади. Шу боис кейинги йилларда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Маҳалла институтининг мақоми Ўзбекистон Конституцияси даражасида мустаҳкамланди. Маҳалла тизими ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғинига айланди. Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “оилабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалиётга татбиқ этилди.
Охирги етти йилда тизимни такомиллаштиришга доир 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара берди. Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.
Кўриб турганимиздек, тизимга оид қабул қилинаётган қарор ёки фармонларнинг туб моҳияти халқимизнинг яхши шароитларда яшаши, ҳар бир инсоннинг ривожланиши учун фойдали бўлишга қаратилгандир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Замон шиддат билан ўзгаряпти. Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур. Яна тажриба орттирамиз, яна ўзгартирамиз. Ҳаёт бизни шунга мажбур қиляпти. Ҳозирги таҳликаларга ечим топамиз, десак, бизнинг ягона йўлимиз — маҳалла, маҳалла, маҳалла ва яна бир марта маҳалла. Маҳалла тизими обрўйини қанча кўтарсак, одамлар ишонади, одамлар биздан рози бўлади”.

Маҳалла — ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғини
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 21 декабрда маҳалла тизимига оид иккита муҳим ҳужжатни имзолади. “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди.
Президент фармони ва қарори асосида Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида “Маҳалла еттилиги” фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими жорий этилади.
Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашига Бош вазир, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларига тегишлича Жўқорғи Кенгес Раиси ва ҳокимлар раислик қилади. Уюшма раиси мақоми, тиббий, транспорт ва маиший таъминот шароитлари бўйича Бош вазир ўринбосарига, ҳудудий бошқарма ва бўлим раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарига тенглаштирилади.
Маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини ошириш ҳамда соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори жамоатчилик асосида фаолият юритадиган “маҳалла еттилиги”ни ташкил қилади. Фармон билан уларнинг аниқ вазифалари, биргаликда амалга оширадиган ишлари кўрсатиб ўтилди.
Маҳалла ходимлари фаолиятини асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳолаш тартиби жорий этилади. Маҳалла раислари ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари фаолиятини KPI асосида баҳолашда 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга бўлади. “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг иш ҳақини асосий иш жойидан бериш тартиби сақлаб қолинган ҳолда, KPI асосида баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, улар рағбатлантириб борилади. Барча маҳаллаларда “Маҳалла бюджети” тизими йўлга қўйилди.
Энг муҳими, маҳалланинг аҳолига ижтимоий кўмак бериш борасидаги ваколати кучайтирилди. Эндиликда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш “маҳалла еттилиги”нинг биргаликдаги қарори асосида амалга оширилади.
Қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар билан “еттилик” аъзоларини тайинлашда маҳаллада яшайдиган номзодларга устунлик берилади. Маҳалла раисининг сўровига жавоб бермаслик ёки тақдимномасида қўйилган масалани кўриб чиқмаслик учун жавобгарлик белгилаш, маҳалла раисларига ишончсизлик билдириш чоралари белгиланади. Қолаверса, маҳалла раиси сайловини аҳоли томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш, раисларнинг маълумоти ва малакаси бўйича талаблар белгилаш, уларнинг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йил муддатга узайтириш кўзда тутилмоқда.

Конференцияда қандай масалалар кўриб чиқилди?
Президент қарорига кўра, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Конференцияси Уюшманинг юқори органи бўлиб, камида уч йилда бир марта чақирилади. Уюшма раиси Республика кенгашининг тақдимномасига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан камида ўн нафардан шаклланадиган делегатлардан (фуқаролар йиғинлари раислари) иборат Конференция орқали лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Уюшма раисининг ўринбосарларини Республика кенгашининг тақдимномасига асосан, Уюшма раиси лавозимга тайинлайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йил 11 январда туман (шаҳар)ларда маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг ташкилий йиғилишлари ўтказилиб, унда республикамиздаги барча 9 442 та фуқаролар йиғинлари раислари, 12 январда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг йиғилишларида туман (шаҳар)лардан делегат этиб сайланган 1 418 нафар раислар иштирок этди. Улар орасидан 140 нафар фуқаролар йиғинлари раислари таъсис Конференциясида иштирок этиш учун делегат сифатида сайланди.
16 январь куни пойтахтимизда ҳудудлардан ташриф буюрган таъсис Конференцияси делегатлари кутиб олинди. Кун тартибига кўра, дастлаб улар учун Ўзбек Миллий драма театрида спектакль намойиш этилди. Шундан сўнг делегатлар Мирзо Улуғбек туманидаги “Катта Қорасув” ва Шайхонтоҳур туманидаги “Сархумдон” маҳаллаларига ташриф буюриб, ушбу йиғинлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Таъсис Конференциянинг асосий тадбирлари 17 январь куни бўлиб ўтди. Делегатлар “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйишди. “Шаҳидлар хотираси” хиёбонига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис Конференцияси ўтказилди.
Таъсис Конференцияда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасини тузиш ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, Уюшманинг Устави ва Рамзини, ҳудудий бўлинмаларнинг Намунавий низомларини тасдиқлаш, Уюшманинг Назорат-тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлаш, шунингдек, Уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳалла фаоллари олдида турган устувор вазифалар тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан делегатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Унда маҳалла тизимидаги ўзгаришлар, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва обрўсини ошириш борасидаги ташаббуслар, “маҳалла еттилиги”нинг фаолият йўналишлари хусусида сўз борди. Президент фармон ва қарорида белгиланган устувор вазифалар бирма-бир таҳлил қилинди. Делегатлар маҳалла тизимини такомиллаштиришга оид таклифлари ва ташаббусларини билдирди.
Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Делегатлар Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасининг раиси лавозимига Қаҳрамон Қуронбоев номзодини бир овоздан маъқуллашди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Жовдатхон Иноғомов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг ўринбосари лавозимига Абдулло Аслонов сайланди.
Конференция иштирокчилари номидан маҳаллалар фаолларига Мурожаат қабул қилинди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Мирзаев иштирок этди.