— “Mahalla” газетасининг аввалги сонида Тошкент шаҳрида чиқинди ташиш ва тўплаш нархлари оширилгани ҳақида хабар берилганди. Энди хизмат кўрсатиш нархи Наманган вилоятида ҳам оширилшгани маълум қилинди. Шу ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Аҳоли янги тариф бўйича қанча миқдорда маблағ тўлайди?
Қодиржон ОХУНОВ,
Янги Наманган туманидаги “Бобораҳм Машраб” номидаги маҳалла раиси.
Дилноза КОМИЛОВА,
Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи:
— Маиший чиқиндини тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатишни ташкил этишга доир чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббусига кўра, Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларининг тегишли сессия қарори билан белгиланган мазкур мажбурий ягона тарифлар санитар тозалаш корхоналари кўрсатаётган хизмат сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга хизмат қилади. Бу борада ишчи орган этиб белгиланган Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ўтказган таҳлилларга кўра, ўтган давр мобайнида тўлов тарифларига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омиллар, хусусан, иш ҳақи 1,5 бараварга, автотранспорт ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлари қиймати ҳамда коммунал хизматлар, жумладан, электр энергияси, ичимлик ва оқовасув нархи 2 бараварга, сиқилган табиий газ нархи 4 бараварга, бензин 1,5 бараварга, дизель ёқилғиси эса 2 бараварга ошгани аниқланган. Бироқ ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича тасдиқланган тўлов тарифлари охирги 2-4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаган. Бу эса санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, 2022 йил якуни бўйича рентабеллик даражаси кескин пасайиб кетган.
Дарҳақиқат, аввалроқ Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгилангани ҳақида хабар бергандик. Эндиликда яна уч ҳудуд — Тошкент шаҳри, Бухоро ҳамда Наманган вилоятларида кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланди. Унга кўра, Наманган вилояти бўйича ҳам хизмат кўрсатиш учун тўлов миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиб, аҳоли ойига 5000 сўм ҳамда юридик шахслар эса 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 50 минг сўм тўлов тўлайдиган бўлди.
Ҳозирда республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини белгилашга доир чора-тадбирлар олиб борилмоқда.