Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши оқибатида қувурларда сув музлаб қолиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса сувни мунтазам очиб қўйиш шарт эмас. Агар хонадонингиздаги қувурларда сув музлаб қолган бўлса, уни эритиш учун мутахассислар хизматидан фойдаланиш ёки уй шароитида уни ўзингиз бартараф этишингиз мумкин.
Сув қувурлари нима учун музлайди?
Агар қувур белгиланган чуқурлик (ҳудудларга қараб 70 см.дан 1 метргача) да кўмилмаган, иссиқлик изоляцияси қилинмаган ёки изоляциянинг зичлиги бузилган бўлса, сув қувурларининг музлашига сабаб бўлади. Кўпинча совуқ ҳаво қувурларнинг металл ва пластмасса элементларига, бўғимларига, шунингдек, қувурларнинг юза қисмига таъсир ўтказади.
Бундай табиий ҳодиса кўламини оддий кўз билан кўриш ёки махсус жиҳозларсиз аниқлаш мумкин:
– қувурни оҳиста тақиллатинг – муз бор жойда товуш жаранглаб чиқмайди;
– кўпинча сув қувурлар бир-бирига уланган жойларда музлайди. Шунинг учун, аввало, шундай тармоқларни аниқлаб олинг ва муз мавжудлигини текширинг;
– қувур юзасида бўлган жойларда кучли елвизак бор-йўқлигини текширинг. Совуқ шамол бир неча соат ичида суст оқимни музлатиб қўйиши мумкин.
Музлаган қувурларни уй шароитида эритиш учун тавсиялар.
Илиқ сувдан фойдаланинг. Ушбу усул сувнинг турғунлик зонаси аниқ белгиланган ва у кичик бўлган ҳолларда танланади. Қувурнинг очиқ музлаган жойини латта ёки бирор мато билан ўраб, устига илиқ иссиқ сув қуйинг ва сув ҳароратини секин-аста ошириб боринг. Кранни очинг – бу музнинг эришини тезлаштиради. Намланган латталар эса иссиқликни бир муддат ушлаб туради, пластмасса ёки металл қувурлар ичидаги музни эритишга имкон беради.
Фендан фойдаланинг. Илиқ ҳаво оқимини яратадиган ҳар қандай қурилмадан фойдаланиш мумкин. Ушбу усул қувурларда музлаган кичик майдонларни иситиш учун хизмат қилади. Aммо ушбу усул пластик қоплама ҳаддан ташқари қизиб кетиши ва эришига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис фендан фойдаланганда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинг.
Aгар чаноқ (раковина) ёки унитаз яқинидаги қувур музлаган бўлса, унга қайнатилган туз қоришмасини (10 литр сув учун 1 кг. туз) қуйинг.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати