— Маълумки, корхона ва ташкилот ходими ўз вазифасидан ташқари ишларга жалб қилинади. Шундай ҳолларда уларга компенсация тўланадими? Ўзи қйси вазиятда компенсацияси тўланиши шарт?
Ғайрат ТОШПЎЛАТОВ,
Қўқон шаҳридаги “Мингтут” маҳалласи раиси.
Лазизбек ҚАРШИЕВ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи:
— Амалдаги Меҳнат кодексининг 286-моддасига асосан, иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимга унинг ўз меҳнат мажбуриятини бажариши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиши шарт. Булар:
хизмат сафарида бўлганда;
сайёр ва кўчиб юриш хусусиятига эга ишларда, шунингдек дала шароитида ёки вахта усулида ишлаганда;
иш берувчи билан олдиндан келишувга кўра бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганда;
иш берувчининг йўлланмаси билан касбий тайёргарликдан, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтганда;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганда;
ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтганлиги муносабати билан;
ходимнинг фойдаланмаган йиллик меҳнат таътили учун;
иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ходимни огоҳлантириш муддати пул компенсацияси билан алмаштирилганда.
Юқоридаги компенсация тўловларидан ташқари иш берувчи ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда, жамоа келишувида, жамоа шартномасида, шунингдек иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган бошқа компенсация тўловини амалга ошириши шарт.