— Айни кунда ҳавонинг кескин совуши натижасида айрим кўп қаватли уйларда иссиқлик тизими ва иссиқ сув таъминотида муаммо кўзга ташланиши мумкин. Айнан бизнинг маҳаллада бу каби ҳолат учрамаган бўлса-да, бир саволга ойдинлик киритмоқчиман. Агар фавқулодда шундай муаммо содир бўлса ва кўп қаватли уйларда иссиқ сув ҳарорати пасайиб кетса, истеъмолчига қандай имтиёз яратилган?
Олимжон ХОЛМУРОДОВ,
Гулистон шаҳридаги “Буюк келажак” маҳалласи раиси.
Исломжон АБДУРАҲИМОВ,
“Мадад” НТТ ижрочи директор ўринбосари:
— Бу масала “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра тартибга солинган бўлиб, унга мувофиқ қабул қилинган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”да марказий тизимга уларган хонадонларда иссиқ сув 50-75°С бўлиши белгиланган. Иссиқ сув ҳароратининг йўл қўйиладиган четга чиқиши тунги вақтда (соат 0:00 дан соат 05:00 гача) – 5°Сдан, кундузги вақтда (соат 05:00 дан соат 00:00 гача) – 3°Сдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Ушбу қоидага асосан, иссиқ сув ҳароратининг йўл қўйиладиган четга чиқишларидан ҳар бир 3°С орқага қайтиш учун кўрсатиб ўтилган чекиниш юз берган ҳисоб-китоб даври учун иссиқ сув таъминоти хизмати учун тўлов миқдори ушбу Қоидаларга мувофиқ бундай ҳисоб-китоб даври учун белгиланган тўлов миқдорининг 0,1 фоизига, йўл қўйиладиган четга чиқишлардан чекинишнинг ҳар бир соати учун ушбу Қоидаларнинг IX-XI бўлимлари ҳисобга олинган ҳолда ҳисоб-китоб даври мобайнида жамланган ҳолда пасаяди. Сув олиш нуқтасида ҳарорат 40°Сдан паст бўлган иссиқ сув берилишининг ҳар бир соати учун ҳисоб-китоб даври давомида жами истеъмол қилинган сув учун тўлов ичимлик сув таъминоти хизматлари учун истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳлари учун тариф бўйича амалга оширилади. Яъни, агар иссиқ сув юқоридаги талабларга жавоб бермаса, у учун тўловлар ичимлик суви тарифида тўланади.