маҳалладошларимиз орасида уларни ипотека кредити асосида сотиб олганлар ҳам кам эмас. Яқинда идорамизга бир фуқаромиз мурожаат қилиб, ойлик иш ҳақини тўлиқ ипотека кредитини тўлашга ўтказиш учун ариза ёзгани, лекин ташкилот бош бухгалтери маошнинг фақатгина 50 фоизгача бўлган қисмини кредитга йўналтириш мумкин, дея жавоб берганини айтиб қолди. Хўш, ойликнинг ҳаммасини ипотекага ўтказиш мумкин эмасми?
Фаризат МУСАЕВА,
Сергели туманидаги
“Қубайтепа” маҳалласи раиси.
Саидали МУХТОРАЛИЕВ,
амалиётчи юрист, “Yurist va kadr” нодавлат таълим муассасаси асосчиси:
— Бу вазиятда ташкилот бухгалтери масалани чалкаштиряпти, шекилли. Тўғри, Меҳнат кодексининг 270-моддасида “ҳар бир тўлов чоғида иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг эллик фоизидан ошиши мумкин эмас” деган қоида бор. Бироқ бу қоида ходимнинг иш ҳақидан унинг розилигисиз ушлаб қолиш ҳолатларига тегишли.
Кодекснинг 271-моддаси 1-қисмида “ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи ёки унинг муайян қисми ходимнинг ёзма аризасида кўрсатилган миқдорларда ва муддатларда кредиторларга банк муассасаларидан олинган ссудалар, кредитлар, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни тўлаш учун юборилиши мумкин”лиги кўрсатилган. Яъни ходимнинг истагига кўра, унинг иш ҳақисидан у томонидан билдирилган ташаббус асосида юқоридаги йўналишларга ўтказиш мумкин.
Кодекснинг ана шу 271-моддаси 2-қисмига қарасак, унда “ушбу кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган чекловлар мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди” дейилган. Демак, ушлаб қолишда иш ҳақининг 50 фоизидан ошиш мумкинмаслиги ҳақидаги чеклов ходимнинг хоҳишига кўра, кредит ва шунга ўхшаш тўловларга ўтказишга тегишли эмас.
Шу ўринда яна бир жиҳат: Президентнинг “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2023 йил 1 январдан уй-жой учун субсидия берилган фуқароларнинг ипотека кредитлари ва уларнинг фоизлари учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғига тортилмайди.
Мазкур имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчи (кафил)лар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг (980 000 сўм) 80 бараваридан (78 400 000 сўм) ошмаган қисмига татбиқ этилади.