— Маҳалладаги пенсия ёшига етган айрим фуқаролар иш стажинни ҳисоблашда муаммога дуч келади. Яъни, иш стажи меҳнат дафтарчасида кўрсатилган бўлса-да, аммо архив маълумотлари орасидан чиқмайди. Шундай вазиятда нима қилиш керак?
Саноат САДИЕВА,
Сирдарё туманидаги “Тинчлик” маҳалласи раиси.
Жавоҳир МУРОДОВ,
Пенсия жамғармаси бош мутахассиси:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорининг 56-бандига асосан меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси) иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.
Бунда фуқароларнинг 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг 2005 йил 1 январдан аввалги даврлар учун иш стажи меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси)даги мавжуд ёзувлар асосида қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан иш стажига ҳисобланади. Шунингдек, бу жараён Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги мавжуд маълумотлар асосида ҳам тасдиқланади.
Меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда ёки меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган, меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлар ва иш ҳақи бериш учун қайдномалар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги ёзувлар бор бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.
Бунда маълумотномада ишга қабул қилиш, иш (лавозим) бўйича ўзгаришлар ва асослари кўрсатилган ҳолда меҳнат шартномасининг тўхтатилиши тўғрисидаги маълумотлар қайд этилиши керак. Маълумотномани ташкилот ёки архив раҳбари, шунингдек, уни тайёрлаган ходим имзолайди ва ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади.