— Маҳаллада “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган йигит-қизларга қандай ва қанча муддат ёрдам кўрсатилгандан кейин рўйхатдан чиқариш белгиланган? “Ёшлар дафтари”да рўйхатда туриш муддати белгиланганми?
Патхиддин АБДУРАҲИМОВ,
Наманган туманидаги “Анжирзор” маҳалласи раиси.
Нодирбек АБДУҚОДИРОВ,
Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари:
— “Ёшлар дафтари”га киритилгандан кейин чиқариш муддати ҳеч қайси низомда белгиланмаган. Фақатгина дафтарга киритиш жараёнида аризаларни кўриб чиқиш муддати кўрсатилган. Бунда ҳужжатлар 15 иш кунида тўлиқ ўрганиб чиқилиб, талабгорга хабарнома юборилади. Ёрдам олгандан кейин шу куннинг ўзида рўйхатдан чиқариб юборилади. Фақат фуқаролар этиборли бўлиши керакки, “Ёшлар дафтари”га киритилгандаги рақами билангина дафтардан чиқарилади. Яъни, ёрдам кўрсатилгандан кейин, SMS хабарнома шу рақамига келиши шарт. Бу ҳақда масъулларни хабардор қилингандан кейин ҳаққоний ёрдам кўрсатилган ҳисобланади.
“Ёшлар дафтари”да рўйхатда туриш муддати ҳам белгиланмаган. Қачонки, талабгор 30 ёшдан ошса, далолатнома асосида дафтардан чиқариш мумкин. Лекин бошқа ҳолатларда асоссиз чиқариб юбориш мумкин эмас.
“Ёшлар дафтари”га киритилганларга фақат бир турдаги ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Бироқ истисно сифатида фуқаро аризасида «Бир марталик моддий ёрдам» турини танлаган бўлса-да, иккинчи, яъни қўшимча ёрдам олишга ҳақли. Бу ҳолатда бир марталик моддий ёрдам берилгандан кейин, уни дафтардан чиқариш ноқонуний ҳисобланади.