Йиғинда 568 та хонадонда жами 2 500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда барча ишлар “бешлик” ҳамкорлигида олиб бориляпти.
Маҳалламиз тоғли ҳудудда жойлашгани учун сел келиш хавфи юқори. Шу боис ҳозирда сел келиш хавфини камайтириш мақсадида 1086 метр масофада махсус иншоот — тўғон қуриб битказиляпти. Ана шу ишлар тугатилгач, сел хавфи сезиларли даражада камаяди. Қолаверса, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ер ости сув қувурлари ётқизилиб, ҳудудни доимий ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида кўп ҳажмли сув иншооти қуриб берилди. Шунингдек, авваллари қишда лой, ёзда чанг бўлиб ётадиган йўлларимиз таъмирланиб, жами 21,4 километр масофада асфальт ётқизилди.
Алоҳида айтишим керакки, ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан доимий иш олиб борилади. Хусусан, «Аёллар дафтари»даги хотин-қизларга имтиёзли кредитлар эвазига тикув машиналари, инкубатор ускуналари ва пишириқ печлари олиб бериляпти. «Ёшлар дафтари»дагиларга ўзини ўзи банд қилиши, тадбиркорликни йўлга қўйиши учун турли-асбоб ускуналар тақдим этиляпти. Айримларининг контракт ва ҳарбий хизмат пуллари қоплаб берилмоқда. Ўз навбатида «Темир дафтар»даги оилаларга моддий кўмак берилиб, ишсиз оила аъзолари корхоналарга ишга жойлаштириляпти. Умуман, аҳоли ҳар томонлама яхши шароитда яшаши учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз.
Бизни қийнаётган айрим масалалар бор. Жумладан, ҳудудда жойлашган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”га тегишли «Гулзор» номли болалар дам олиш масканидан чиқаётган чиқиндиларнинг бадбўй ҳидидан одамлар норози. Бу масалада комбинат директоридан тортиб, санитария ташкилотларигача бир неча маротаба мурожаат қилдик. Жавоб бўлмади. Тинмай қилинган мурожаатлар сабаб чиқинди ташланадиган жой девор билан ўраб қўйилди. Лекин улардан чиқаётган бадбўй ҳид кетмади. Боиси оромгоҳнинг чиқинди ташлаш жойи аҳоли хонадонлари билан бир девор, ёнма-ён жойлашган…
Истардикки, мутасаддилар мазкур масалага жиддий эътибор беришса, яхши бўларди. Оромгоҳнинг ҳудуди катта, 10 гектар майдонда жойлашган. Чиқинди ташлаш жойини бошқа жойга кўчиришнинг наҳотки иложи бўлмаса? Ахир одамлар бадбўй ҳиддан ва унга келадиган турли ҳашаротлардан безор бўлиб кетди-ку. Ҳар томонлама ривожланаётган маҳаллаларга бундай муаммолар ярашмайди.
Дилшод ЮЛДАШЕВ,
Бўстонлиқ туманидаги
«Қорамозор» маҳалласи раиси.