— Турмуш ўртоғим маълум бир давлат ташкилотида ишламайди. Ўзим эса ҳали «Ҳамширалик иши» мутахассислиги бўйича ўқийман. Қийналиб қолган вақтимизда маҳаллага бориб ёрдам пули олмоқчи бўлдик. Аммо маҳалла раиси бундай ёрдам пуллари кам таъминланган оилаларга берилишини айтди. Биз ёш оила бўлсак, турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам давлат ташкилотида ишламасак, кам таъминланган оила ҳисобланмаймизми? Ўзи кимлар кам таъминланган оилалар ҳисобланади?
Шодиёна ЖАББОРОВА,
Қашқадарё вилояти
Яккабоғ тумани.
Дилшод АБДУҚОДИРОВ,
ҳуқуқшунос:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги тегишли қарори билан “Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси, кам таьминланган оилаларга моддий ёрдам ҳамда ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пулли компенсацияни тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
Оилани кам таъминланган, деб эътироф этиш ва уларга болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамни тайинлаш шартларига кўра, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила кам таъминланган оила, деб топилади.