Шаҳар марказида жойлашган маҳаллада 1793 та аҳоли, 545 та хонадон мавжуд. “Маҳалла бешлиги” ҳар бир оиланинг қувончига шерик бўлиш билан бирга, уларнинг дарду ташвишига кўмакдош бўлиб келяпти. Оғирини енгил қилишга интиляпти…
Йиғин ҳудудида “Ёшлар маркази”, олий таълим муассасалари жойлашган. Аҳоли давлат ташкилотлари билан бирга, тадбиркорлик соҳасида фаолият юритади. Гўри Амир мақбараси яқин бўлгани учун сайёҳлар оқими катта. Шу боис меҳмонхона ва тамаддихоналар хизмати ривожланмоқда.
Узоқ йиллар Орзу Маҳмудов кўчасининг 250 метр қисми ўта яроқсиз ҳолатга келиб, аҳоли куз-қиш мавсумининг қор ва ёмғирли кунларида ҳаракатланишга қийналишарди. Ушбу кўча Университет хиёбонининг туташ қисмида жойлашган бўлиб, ундан кўплаб хорижлик сайёҳлар ўтиб қайтишади. Бу масалада Самарқанд шаҳар кенгаши депутати Шохрух Алибековга мурожаат қилиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада асфальтлаш ишлари бажарилиб, сув қувурлари янгиланиб, атрофдаги уйлар таъмирланди.
Халқимизда етти ўлчаб, бир кес, деган нақл бор. Мутахассислар йўлда қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин, биратўла кўча ёқасидаги 9 та кўп қаватли тураржой биноларига тортилган, бугунги кунда маънан эскирган 250 метр ичимлик сув қувурлари янгисига алмаштирди. Натижада ичимлик сув таъминоти анча яхшиланди. Бундан, айниқса, аҳоли хурсанд.
Ободлик кўнгилдан бошланади. Ободонлаштириш ишларида маҳалла фуқаролари, тадбиркорлар қараб турмади. Маҳалла ободлиги учун ўзларининг ҳиссаларин қўшишди. Бундай хайрли ишларни давом эттирган ҳолда маҳалла фаолларининг мурожаатлари асосида йиғиндаги 100 та хонадон истиқмот қилаётган 51-, 53-, 55-, 59-умумий ҳовли уйларга сув, газ тармоқлар алоҳида-алоҳида тортилди. Электр энергия таъминоти яхшиланиб, кир ювиш машинааси ва кондиционерлари узилишсиз ишлайдиган бўлди. 16 та кўп қаватли уйларнинг 8 таси марказий иссиқлик манбаига уланиб, қувурлар янгиланди.
Ободлик ишлари “Яшил макон” лойиҳаси билан давом этмоқда. Шу кунгача 225 туп олма, шафтоли ва манзарали дарахт кўчатлари очиқ майдонларга, хусусан, кўчалар ва аҳоли хонадонларига экилди.
“Иш қуролининг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур”, дейди дона халқимиз. Маҳалла ходимлари иш қуроли, яъни компьютер борасида бироз қийналишяпти. Иккита компьютернинг бири ишламайди. Шунингдек, етарли шароитларга эга янги маҳалла идораси зарур. Ҳозирги учта хонада шароитлар ҳаминқадар. 2006 йил ҳудуддаги 6 сотихли ер майдони аукцион орқали олинган, бироқ шу вақтга қадар бу ерда бирор қурилиш ишлари бажарилмаган. Агар ушбу ер майдони маҳалла идораси қурилиши учун берилса, бу ерда аҳоли учун қўшимча хизмат кўрсатиш соҳаларини йўлга қўйиш мумкин…
Акром МИРЗАЯРОВ,
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли маҳалласи раиси.