— Маҳалламизда истиқомат қилувчи фуқаро таълим ташкилотида 2019 йилдан буён 1 ставка логопед ўқитувчи, 0,5 ставка психолог вазифасида ишлаб келади. Ҳар йили июнь ойида иккала лавозим учун ҳам меҳнат таътили берилган. Бироқ бу йил 0,5 ставка психолог учун таътил пули тўланмабди. Айтингчи, бир ташкилотда икки лавозимда ишлайдиганлар ўриндош саналадими? Агар шундай бўлса, таътил битта штат бирлиги учун бериладими?
Эрниёз КАРИМОВ,
Денов туманидаги
“Ободон” маҳалласи раиси.
Ирода ҚАҲҲОРОВА,
ҳуқуқшунос:
— Юқоридаги ҳолат кўпчиликда учрайди. Бунда энг асосий урғу “мен ўриндош эмасман” жумласига қаратиляпти. Мазкур ҳолатда маҳалладошингиз ўриндош саналади. Лекин бу унга таътил бермаслик учун асос бўлмаслиги керак. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 432-моддасида ходим ўзининг асосий ишидан ташқари алоҳида меҳнат шартномаси шартлари бўйича асосий ишидан бўш вақтида бошқа мунтазам ҳақ тўланадиган ишни бажариши ўриндошлик асосида ишлаш саналиши белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандида ходим ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши ўриндошлик асосида ишлаш экани кўрсатилган.
Юқоридаги қоидаларнинг мазмунига кўра, ходим асосий меҳнат шартномаси асосида лавозим мажбуриятларини бажаришдан ташқари бошқа ишни бажариши ўриндошлик саналади. Юқоридаги Низом бўйича ўриндошлик ички ва ташқига бўлинади. Бир ташкилотда икки лавозимда ишлаш, бу — ички ўриндошлик ҳисобланади. Меҳнат кодексининг 439-моддасига мувофиқ, ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга йиллик асосий таътиллар, шунингдек, ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча меҳнат таътиллари асосий иш жойидаги йиллик меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.
Шундай экан, маҳалладошингизга ўриндошликдаги лавозимидан ҳам меҳнат таътили берилиши шарт.