Маҳалла “драйвери” – туризм. Хива шаҳридаги Ичан қалъа тарихий ёдгорлик мажмуасига ёндош ҳудудда жойлашган. Шу сабаб туристларни қизиқтирадиган, харидорбоп ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш кенг ривожланган.
Айниқса, уста-ҳунармандларнинг ёғоч ўймакорлиги асосида тайёрлаган нақшинкор буюмлар, қўли гул чеварларнинг бир-биридан жозибадор бош кийими-ю ранг-баранг сумкалари ҳар бир туристни ўзига ром этмай қолмайди. Совғабоп сувенер тайёрловчилар ҳам талайгина.
Бир сўз билан айтганда, “Каптархона” кабутар эмас, туристик маҳсулотлар тайёрловчи маҳаллага айланган. Шунингдек, сайёҳлар учун замонавий тамаддихоналар ташкил этилмоқда.
Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, маҳалла идорасида тикув цехи фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда хотин-қизлар учун тикувчилик ўқув курси ташкил этилади. Чунки чеварчилик ортидан қўшимча даромад олаётган аҳои сони ортгани сайин, бу соҳага қизиқувчилар кўпаймоқда.
Аҳоли ичимлик сув билан тўлиқ таъминланган. Йиғин ҳудудидаги кўчаларнинг 90 фоизи бетон қилинди. Ҳудудга йигирмадан ортиқ бетон устунлар ва трансформаторлар ўрнатилди. Маҳаллада боғча, мактаб йўқ, болалар қўшни маҳаллага қатнашади. Қолган битта кўчани қишга қадар бетонлаб, ёшлар учун битта ўйингоҳ ташкил этилса, уларнинг бўш вақти мазмунли ўтказиларди…
Анварбек САЛАЕВ,
Хива шаҳридаги “Каптархона” маҳалласи раиси.