Севара ЎРИНБОЕВА, Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
— Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.
Янги таҳрирдаги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Асосий қонунимиз халқимиз таклифлари асосида қарийб 65 фоизга янгиланди.
Конституцияда жамиятдаги барча масалалар ечими чинакам халқ овози бўлган маҳалла даражасига туширилиши қайд этилган.
Яъни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Конституциямизда мазкур кафолатнинг белгиланиши маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга муҳим имкониятларни тақдим этади.