Кўктепа қишлоғида бир тепалик бўлгани учун маҳаллага шу ном берилган. Аҳолининг аксарияти деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишади. Ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасида рўзғорбоп экинлар экишиб, имконият ва талабларидан келиб чиқиб, чорва моллари боқишади.
Яна бир қисми “Иштихон” деҳқон бозорида ишлашади. Айримлари хонадонида “Самарқанд нон”ларни пишириб, шу бозорда сотишади. Аҳоли “тўқсонбосди” экинлар экишиб, навбатдаги даромадни кутишяпти. “Обод хонадон”, “Обод кўча” лойиҳалари асосида хонадонларнинг ташқи деворлари таъмирланиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳар бир хонадонда иккитадан кўчат экиш режалаштирилмоқда. Маҳаллага ажратиладиган 200 туп кўчат дарахтлари экиладиган майдонлар аниқланиб, тайёргарлик ишлари бошланди.
Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кредитлар ажратилмоқда. Шу кунга қадар тикувчиликка қизиқиши бор 10 нафар хотин-қизга тикув машинаси берилди. Ёшларга ўзини ўзи банд қилишлари учун электр энергияси билан ҳаракатланувчи кичик транспорт воситалари, деҳқончиликка қизиқадиганларга 20 сотихдан ер ажратилди.
“Маҳалла бешлиги” ходимлари 2021 йил тадбиркор томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бинонинг бир қисмида – 4 та хонада фалият юритяпти. Бинонинг қолган қисмида тадбиркор тикувчилик ва омухта ем сотиш шохобчаларини ташкил этиш режасида.
Бу йил кўктепаликлар бирлашиб, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 1 миллиард 200 миллион сўмлик лойиҳа ғолибига айланди. Энди маҳалланинг 3 километр ички йўллари асфальтланади.
Ўзгаришлар билан бирга, ўз ечимини кутаётган муаммолар бор. Хусусан, 120 та симёғочлар алмаштирилиши, янги трансформатор ўрнатилиши зарур.
Мусирмон МАРДИЕВ,
Иштихон туманидаги “Кўктепа” маҳалласи раиси.