— Амалдаги қонунга кўра, суд ҳукмидан норози бўлганлар апеллация тарзидаги шикоят ва протсетларини 20 сутка ичида амалга оширилиши лозим эди. Кўрсатилган муддатда шикоят ва протест келтира олмаган тарафлар апелляция тартибида шикоят ёки протест келтириш юзасидан судга илтимоснома билан мурожаат қиларди. Ўтказиб юборилган муддатни суд узрли деб топмаса, илтимоснома рад қилинарди. Кейинчалик суд қарорларининг устидан умуман шикоят ва протест келтириш имконияти йўқоларди. Айтишларича, 2024 йилдан мана шу жараёнга ўзгартириш киритилибди. Шу ҳақда маълумот берсангиз…
Элдор ДЕҲҚОНОВ,
Учқўрғон туманидаги “Қўғай” маҳалласи раиси.
Ҳамид ШАМСИЕВ,
Тошкент шаҳар судининг судьяси:
— Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра ишлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларда 3 та босқичда, яъни суд ҳукмига нисбатан апелляция, кассация ва тафтиш тартибида келтирилган шикоят ва протестларга асосан кўриб чиқилади. Апелляция инстанциясида кўриш янги таҳрирдаги ЖПК 4974, 49711-моддаларига кўра, қонуний кучга кирмаган суд ҳукмлари ва ажримлари устидан 10 сутка ичида ЖПК 4972-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан келтирилган апелляция тартибидаги шикоят ва протестларга асосланади.
Кассация инстанциясида ишлар-биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан келтирилган, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, ЖПК 499-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан келтирилган шикоят ва протестларга асосан кўриб чиқади (кассация тартибида шикоят ва протест келтириш муддати чекланмаган, фақат маҳкум ёки оқланган шахснинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга шикоят ёки протест келтирилса, 1 йил ичида йўл қўйилади).
Тафтиш инстанциясида ишлар-апелляция ёки кассация инстанциясида кўрилган ишлар юзасидан ЖПК 511- ва 512-моддаларида кўрсатилган шахслар томонидан келтирилган шикоят ва протестларга асосан кўрилади. Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят беришга ҳақли.