Маҳалла 2008 йил ташкил этилган бўлиб, аҳоли хонадонларида кўпроқ ўрик етиштирилади. Шу сабаб “Ўрикзор” деб ном берилган.
Йиғин шаҳар ҳудудида жойлашган бўлса-да, 681 та хонадоннинг деярли барчаси чорвачилик билан шуғулланиб, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари тайёрлашади. Аҳолининг 10 фоизи яқин ҳудуддаги “Каттақўрғон” деҳқон ва буюм бозорида ишлашади. Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун бўш жой йўқ, ўттиздан ортиқ тадбиркор бор холос.
Аҳолининг кўпчилиги кредитган мини техникалар – “муравий” харид қилиб, бозор ишларини бажариб, даромад топишяпти. Бир нафар ёш 33 миллион сўм кредит олиб, компьютер курси очди. 10 нафар хотин-қизлар тикув машиналари харид қилиб, тикувчилик цехларини ташкил этди. Бугун уларнинг ҳар бирида олти нафар аёл ишли. Феруза Холназарова тикув машинаси олиб, ўзини ўзи банд қилди. Парда ва турли кийим-кечаклар тикиб, қўшимча даромад топяпти.
Йиғин ҳудудидаги ички кўчалар таъмирталаб, икки километр қисми асфальтланди, холос. Ичимлик сув муаммо. Ҳозирча иккита кўчага ҳашар йўли билан ичимлик сув тармоғи тортиб келинди. Маҳалла аҳолисининг энг оғриқли масалаларидан бири – ички йўл ва ичимлик сув.
Маҳаллада “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахт экиш ишлари бошланди. Хонадон ва унинг атрофига 200 туп дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.
Зулайхо ОЧИЛОВА,
Каттақўрғон шаҳридаги “Ўрикзор” маҳалласи раиси.