Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Таҳлил
-+=

Болалар пули ҳақиқатда муҳтожларга берилиши керак

АМАЛДАГИ ТАРТИБГА КЎРА, ИЖТИМОИЙ НАФАҚА ТАЙИНЛАШ УЧУН ОИЛАНИНГ БАНД БЎЛМАГАН МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТЛИ АЪЗОСИ ҲУДУДИЙ БАНДЛИК ОРГАНИДАН ИШ ИЗЛОВЧИ СИФАТИДА РЎЙХАТДАН ЎТИШИ ТАЛАБ ЭТИЛАДИ.

Афсуски, бугунги кунда давлат томонидан кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд қатлам учун ажратилаётган маблағлар ўз эгаларига рисоладагидек етиб боряпти, деб бўлмайди. Баъзи бир ўзига тўқ инсонларнинг бу нафақалардан фойдаланиши ҳолатлари учраб турибди. Мисол учун, нафақа олаётган шахслар томонидан мулк (хонадонлар, автотранспорт ва бошқалар) харид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бундан ташқари, нафақа олиш учун айрим шахслар мол-мулкини қариндошлари номига ўтказиб, ўзини сунъий равишда камбағаллик критериясига олиб келяпти. Жаҳон банкининг тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида нафақа олганларнинг 5,6 фоизи ўзига тўқ ва 12,5 фоизи ўрта аҳволдаги оилалар экани аниқланган. Шундан келиб чиқиб, 2022 йилда жами нафақа олувчи оилаларнинг 18,1 фоизи кам таъминланган деб топилган, аммо ҳақиқатда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмаган оилалар (шахслар) ҳисобланади.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, ижтимоий нафақаларнинг манзиллилигини ошириш ҳамда уни тайинлашда адолатни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш мезонига қатор ўзгартиришлар киритиляпти.

Биринчидан, нафақа олувчиларнинг даромади ва мол-мулки ҳар ойда электрон ахборот тизими орқали ўрганилади ҳамда кам таъминланганлик мезонларига тўғри келмайдиган оилалар реестрдан чиқарилади.

2024 йил 1 мартдан “маҳалла еттилиги” томонидан жойига чиққан ҳолда оиланинг номига расмийлаштирилмаган, бироқ фойдаланувида бўлган мол-мулклари ўрганилади. Ўрганиш натижалари дастурга киритилади ва ахборот тизими томонидан нафақа тўловини тўхтатиш ёки давом эттириш бўйича автоматик қарор қабул қилиш тизими жорий этилади. Бундай тизим Туркия ва Озарбайжонда йўлга қўйилган бўлиб, ҳар ойда оилаларнинг моддий ҳолати электрон ахборот тизимлари орқали текшириб борилади.

Бу орқали ноўрин ёки тизимга хатолик сабаб кириб қолган ўзига тўқ оилалар аниқланиб, уларнинг нафақаси тўхтатилади. Ижтимоий нафақалар тўловининг манзиллилиги ошади.

Иккинчидан, бандлик органларида маслаҳат олиш учун мурожаат қилган ишсиз фуқаролар уч ой давомида касбга ўқимаса, ишсиз сифатида рўйхатга олинмаса ҳамда меҳнат фаолиятини расмийлаштирмаса, тўлов тўхтатилади.

Амалдаги тартибга кўра, ижтимоий нафақа тайинлаш учун оиланинг банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аъзоси ҳудудий бандлик органидан иш изловчи сифатида рўйхатдан ўтиши талаб этилади. Бунда бандлик органларига маслаҳат учунгина мурожаат қилган фуқароларда ижтимоий нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлмоқда. Бундай тартиб ишсизларнинг бандлигини таъминлашда самарасиз бўлиб, фуқаролар бундан фақат нафақа олиш учун фойдаланяпти.

Янги тартиб орқали ишсизларни иш излашга рағбатлантириш, фуқароларни меҳнат фаолиятини расмийлаштиришга ундаш, меҳнат стажига ва пенсия ёшига етганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлишини таъминлаш кўзда тутилган.

Учинчидан, кредит олган, хорижда ишлаётган, томорқа ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан шуғулланувчи шахсларнинг солиқ органларида расмий рўйхатдан ўтгани тўғрисидаги ҳамда Давлат персоналлаштириш марказининг электрон маълумотига асосан автоматик равишда бандлигини аниқлаш тартиби жорий этилади.

Ҳозирги тартиб бўйича “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредит олган оилалар, хорижда ишлашга кетган шахслар, Кадастр агентлиги ахборот тизимида томорқа ери мавжуд бўлганлар “банд бўлган оилалар” сифатида нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Эндиликда фуқаролар бандлигини белгилашда инсон омили бартараф этилади. Фуқароларда нафақа олиш учун “проактив” мурожаат қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Тўртинчидан, оила аъзоси ногирон бўлмаган тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларига расман банд бўлиш талаби жорий этилади.

Амалдаги тартибга кўра, тўрт ва ундан ортиқ боласи бор оилалар учун банд бўлиш талаби татбиқ этилмай, нафақа олиши мумкин.

Бешинчидан, эгалигида енгил автотранспорт воситасининг ишлаб чиқарилган муддати 12 йилгача бўлган оилаларга нафақа олишга чеклов белгиланади. Бунда оила аъзоси ногирон бўлса, амалдаги тартиб, яъни 7 йиллик чегара сақлаб қолинади.

Мисол учун, амалдаги тартибга кўра, эгалигида ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган енгил автотранспорт воситаси (ёки 15 йилдан ошмаган юк автотранспорти) бўлган оилаларга нафақа тайинлаш рад этилади. Ҳар ойда ишлаб чиқариш санаси 7 йилдан 12 йилгача енгил автомашинаси бўлган ўртача 6,5 минг оилага нафақа тайинланмоқда. Уларнинг ичида 2008 йилдан кейин ишлаб чиқарилган Малибу, Орландо, Каптива, Ласетти ва бошқа русумдаги хорижий автомашина эгалари мавжудлиги аниқланмоқда.

Қарорга кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини нафақалар билан қамраб олишнинг манзиллилигини ошириш мақсадида оиланинг руҳий касалликлар диспансери рўйхатидаги аъзосига меҳнат органида ишсиз сифатида рўйхатда туриш талаби бекор қилинмоқда. Бундан ташқари, расман никоҳи бекор қилинмаган ҳолда, суд қарорига асосан, алимент тўлаб турган эрининг даромадини нафақа тайинлашда ҳисобга олмаслик белгиланяпти.

Мазкур қарорнинг ижобий натижаси сифатида нафақа олувчи оилалар сони 2023 йил якунига қадар 190 мингга (108,4 млрд. сўм) ҳамда 2024 йил якунига қадар 598 мингга (2,9 трлн. сўм) камаяди.

Бундан кўзланган мақсад — ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг сонини камайтириб, уларга берилаётган моддий ёрдамни қисқартириш эмас, балки давлат томонидан берилаётган нафақаларнинг адолат тамойили билан тақсимланиши ва ушбу тоифага кирмайдиган фуқароларнинг виждонсиз хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган.

Ҳозирги кунда ижтимоий боқимандалик (қарамлик) муаммоси — ижтимоий давлат концепциясини амалга оширишда юзага келадиган энг долзарб муаммолардан биридир. Мисол учун, бир қатор ривожланган давлатларда амалга оширилган ижтимоий сиёсат натижасида боқимандалик тенденцияси пайдо бўлиб, ёшлар орасида ишламаслик ва “текин томоқ” услубида ҳаёт кечириш ҳолатлари пайдо бўлаётганини кузатиш мумкин. Мазкур салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида экспертлар ижтимоий нафақалар фақатгина қийинчиликка тушиб қолган ва камбағал деб тан олинган фуқаролар қатламига берилишини, яъни мақсадли йўналтирилишини назоратга олиш таклифини илгари сурмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда, мазкур қарор нафақаларни тайинлашнинг мезонлари такомиллаштирилиб, боқимандаликнинг олдини олиш ва манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

“Маҳалла еттилиги” фаолиятини раис баҳолайди

    Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 мартда “Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятини энг…