— Ҳозирда маҳалламиз ёшларини бир ойлик ҳарбий хизматга чақириш жараёни давом этяпти. Бу вазиятда кўпчилик бориш ташаббусини билдираётган бўлса, айримлар бадал суммасини ўйлаб қийналиб турибди. Уларга имкон қадар ёшлар етакчиси кўмагида ёрдам беряпмиз. Айтингчи, бир ойлик хизматга бориш мажбурийми? Тўлов қай тартибда амалга оширилади?
Гулсун ХУРРАМОВА,
Нишон туманидаги
“Кимёгар” маҳалласи раиси.
Сардор РАҲМОНОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— Агар фуқаро бошқача турда ҳарбий хизматни ўтамаган бўлса, сафарбарлик чақирув резерви сафида 27 ёшигача хизматни ўташи шарт (қонунчиликдаги айрим ҳолатлар бундан мустасно). Саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганлар, яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этганлар, рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар бир ойлик армияга чақирилмайди.
Пул бадалларини тўлаш хизматга олингандан кейин бир йил мобайнида тўланади. Томонларнинг келишувига кўра, тўлов шартномада белгиланган муддат мобайнида тўлиқ ҳажмда бирйўла ёхуд босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин. Ҳозирда сафарбарлик чақирув резервининг тўлов бадали меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7 баробарига (6 млн. 860 минг сўм) тенг.
Пул бадалларини тўлаган, лекин бир ойлик армияга ҳали бормаганларга у тўлаган маблағлар хизматчи ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда (бошқача айтганда, бадал пулларини тўлагач, тиббий кўриклардан ўта олмаганда), I, II ёки III гуруҳ ногирони бўлиб қолса, вафот этган тақдирда (унинг яқин қариндошига, меросхўрига, васийсига ёки ҳомийсига) қайтариб берилади. Бошқа ҳолатларда пул бадаллари қайтариб берилмайди.
Амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, агар ходим бир ойлик армияга қилинса, шу давр мобайнида унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик маоши сақланади. Қолаверса, ходим ҳарбий йиғиндан қайтгунига қадар меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмайди (корхонанинг тугатилиши ҳолатлари бундан мустасно).
Бундай хизматни узрсиз сабабларга кўра ўтамаганлик ҳарбий хизматдан бўйин товлаш сифатида таснифланади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 237-моддасига мувофиқ, БҲМнинг икки бараваридан беш бараваригача (660 минг сўмдан 1 млн. 650 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.