Овулимиз туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган. Бу ерда аҳоли, асосан, чорвачилик билан шуғулланади. Шундай вақтлар бўлдики, сув тақчиллиги туфайли одамларнинг аксарияти қўшни давлатга кўчиб ўтди. Оқибатда 400 дан зиёд хонадон истиқомат қилиб келган овулда бугунги кунда атиги 166 та хонадон қолди…
Эътиборлиси, Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил февраль ойида овулдаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, муаммоларни ҳал этиш борасидаги таклифларини билдирган эди. Шу асосда “Обод қишлоқ” дастури асосида овул қиёфаси тубдан ўзгарди. Жумладан, 16 та ер ости сувлари қудуғи қазилди. Бу, биринчи навбатда, аҳолини, ижтимоий соҳа объектлари ва томорқа ерларини сув билан таъминлаш имконини берди. Қуриб қолган сой қазиб, кенгайтирилиши ҳисобига 2 минг гектар ерни кафолатли суғориш имконияти вужудга келди.
Ҳудуд инфртузилмасини яхшилаш мақсадида 1,2 километр янги асфальт йўл қилинди, 4,5 километр тупроқ йўлга шағал тўкилди. 3,1 километр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, 3 та янги трансформатор, 120 та устун ўрнатилди, 7,64 километр ҳаво линияси тортилди. Қишлоқ шифокорлик пункти, овул фуқаролар йиғини биноси, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва ташландиқ аҳволга келиб қолган маданият саройи таъмирланди.
Қишлоқда ер билан тиллашган миришкорлар кўп. Энг муҳими, етиштирилган ҳосилнинг харидорлари ҳам тайёр. Овул ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи цех қурилмоқда. Унда томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни шартнома асосида қабул қилиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Маҳсулотлар хорижга экспортга йўналтирилиб, янги иш ўринлари яратилади. Ўйлайманки, бу орқали қисқа фурсатда ҳудудимиз ишсизликдан холи маҳаллага айланади.
Тажрибаларимиз фақат бугина эмас. Овул ҳудудида янгидан 1000 гектар ер ўзлаштирилди. Шунинг 500 гектарига “плёнка” остига чигит, помидор, қовун-тарвуз ва бошқа экинлар экилди. Ушбу ишларда замонавий техникалардан фойдаланилмоқда. Жумладан, Хитойдан келтирилган махсус техника бир вақтнинг ўзида тўртта амалиётни бажаради — чигит қадайди, озуқасини беради, томчилатиб суғориш қувурини ётқизади ва “плёнка” тўшайди. Экинларни суғориш тўла томчилатиб суғориш тизимида амалга оширилади.
Умуман олганда, бугун маҳалладаги ҳар бир хонадон томорқадан унумли фойдаланади. Эрнинг ҳадисини олишган. Шунга кўра, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бериш — бизнинг бурчимиз. Айни мақсадда кўплаб фуқароларга керакли асбоб-ускуналар учун субсидия, имтиёзли кредитлар олиб беряпмиз. Муҳими, одамларимиз бугунги ўзгаришлардан мамнун, дахлдорлик туйғуси билан яшамоқда.
Мухтор НАВРЎЗБОЕВ,
Тахтакўпир туманидаги
Белтау овул фуқаролар йиғини раиси.