— Сўнгги пайтларда кредит олиш масаласи анча енгиллашди. Бугун одамлар банк олдида сарғайиб, овора бўлишига ҳожат йўқ. Кредитни онлайн ҳам осонгина расмийлаштириш мумкин. Бироқ бу жараёнда қўшимча кафил талаб этилади. Афсуски, кўп ҳолларда кредит олувчи қолиб, кафилнинг қарзни қайтариб юрганига ҳам гувоҳ бўламиз. Хўш, кафилликни бекор қилиш ёки ундан воз кечиш мумкинми?
Баҳодир БЕГЖОНОВ,
Кегейли туманидаги
“Маданият” маҳалласи раиси.
Фаррух ЖЎРАЕВ,
Адлия вазирлиги масъл ходими:
— Расмий, мунтазам даромадга эга кишилардан тез-тез бировнинг кредитига кафил бўлиб беришни сўрашади. Аксарият ҳолатда улар яқин танишларига ишониб, уларнинг кредитни тўлашга пули бор-йўқлигига қизиқмай, шартномани “шунчаки расмиятчилик” ҳисоблаб, бировнинг қарзи учун кафиллик беришади. Ваҳоланки, қарздор кредитини тўлиқ ёки умуман тўламаса, кафил у билан баравар жавоб беради.
Кредит олингандан сўнг кафилликдан воз кечиш мумкинми? Кафил бўлиш учун ёзма шаклда кафиллик шартномаси тузилади. Бу шартномани эса бир томонлама бузиб бўлмайди. Шундай экан, кафилликдан бош тортиш имконсиз. Кафил ишини йўқотиши, касаллик, фарзанди учун контракт тўлаши, кафиллик берган таниши билан ораси бузилиши ёки бошқа сабаблар шартномани бузишга асос бўлмайди.
Қандай қилиб кафилликни бекор қилиш мумкин? Бу бир неча ҳолатда содир бўлиши мумкин. Масалан, қарз (кредит) бутунлай ёпилса, кафилнинг жавобгарлиги унинг розилигисиз оширилса, кафиллик берилган одам кафилнинг розилигисиз ўзгарса, кредитор келишилган пул ёки хизматни қабул қилмаса, кафиллик бекор бўлади.
Кафил қарздорнинг кредитини ёпиб қўйса, нима бўлади? Бундай ҳолатда банкнинг кредит бўйича барча ҳуқуқлари кафилга ўтади. Аммо кафилнинг ҳуқуқлари у банкка тўлаган пул миқдори билан чекланади. Эндиликда кафил қарз берувчи ҳисобланади. У қарздордан фоизлар, бундан ташқари, ўзига етган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.