Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кўзгу
-+=

ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАЛАРИ УЮШМАСИНИНГ “МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ” АЪЗОЛАРИ, ФАОЛЛАР ВА КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИК ВАКИЛЛАРИГА М У Р О Ж А А Т И

 

Ҳурматли юртдошлар!

Азиз маҳалладошлар!

Обод ҳаёт тушунчаси азал-азалдан халқимиз онгу тафаккурида, авваламбор, фаровонлик, тўкинчилик, мўл-кўлчилик, қут-барака маъносини ўзида мужассам этиб келган. Ободлик нафақат ташқи муҳит, балки қалб ва кўнгил поклигидан бошланган.

Обод ҳаёт, бу — инсоннинг ўз уйини, маҳалласини, юртини гуллаб-яшнатиши ва ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшашидир. Чунки поклик, тозалик бор жойда файз-барака, ишда унум, аҳоли кайфиятида кўтаринкилик бўлади.

Шукрки, бугун юртимиз тинч ва осойишта. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора кўркамлашиб бормоқда, одамлар онгу тафаккуридаги ўзгаришлар ҳаётимизнинг барча жабҳаларидаги тараққиёт шиддатига ҳамоҳанг, уйғун. Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин натижалари кўп миллионли халқимизда жонажон Ватанимизнинг келажагига бўлган қатъий ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Мана шундай жараёнда маҳаллаларимизни янада обод қилиш, фаровон турмуш кечириш барчамиздан катта масъулият, фидойилик ва жонкуярликни талаб этади. Зеро, осойишта, аҳил оилалар обод жамиятни барпо этади, обод маҳаллалар эса юрт тараққиётига хизмат қилади. Шундай экан, тозалик, покликни ўз уйимиздан бошласак, ўз маҳалламиз, кўчамизнинг саранжом-саришта, файзли бўлишига ҳиссамизни қўшсак, бу гўшалар чинакам обод масканларга айланади.

Обод маҳаллалар, шубҳасиз, саришта кўча ва хонадондан бошланади. Эрта саҳарда туриб, кўча-ҳовлиларимизни супуриб-сидириш, ён-атрофга сув сепиш, ариқларни тозалаш, турфа гуллар экиш қайси хонадонга чирой бағишламаган, файз киритмаган дейсиз. Бу борада хонадон соҳибларига, азиз опа-сингилларимизга маслаҳатлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, уларни яратувчанлик ғояларига ундашда биз маҳалла фаоллари, пиру бадавлат нуроний оқсоқолларимизга суянамиз, ёшларимизнинг фидойилиги, ташаббускорлигига таянамиз.

 

Азиз ватандошлар!

Мамлакатимиз ободлиги, кўчаларимиз кўрки, хонадонларимиз файзини ошириш, унда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш бўйича жорий йилнинг февраль-март ойларини руҳан поклик, маънан етуклик, фикран янгиланишга интилиш даври, деб таърифлаш мумкин. Бунинг боиси бор, албатта. Бу давр “Тозалик ва озодалик” ойлиги деб эълон қилинди. Унинг доирасида ҳар ҳафта шанба кунлари оммавий ҳашарлар ташкил этилди.

Эндиликда халқимиз учун эзгулик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб ўтказиш, Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни муносиб тарзда нишонлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб 13-14 март (жума-шанба) кунлари “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.

Ҳашарни юқори савияда ўтказиш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳашар давомида амалга ошириладиган ишлар “кўчабай” ва “хонадонбай” белгилаб олинди. Жумладан, жараёнда 26,3 минг гектардан ортиқ майдон ободонлаштирилади, 20,8 минг тоннадан зиёд чиқиндилар чиқариб ташланади, 18,6 минг километр узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланади. 11 мингдан ортиқ қабристон ободонлаштирилади ва таъмирланади.

Шунингдек, 665 та зиёратгоҳ ва 159 мингдан ортиқ кўча тартибга келтирилади, 21,6 миллиондан зиёд дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилади. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида маҳаллаларнинг ички кўчалари ва аҳоли томорқалари атрофига 4,5 миллиондан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича 28 минг 312 та кам таъминланган оиланинг 480,5 минг метр квадратдан зиёд уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланади, 38 минг 706 та кам таъминланган оиланинг томорқа майдонларига экинлар экилади. 37 минг 216 та эҳтиёжманд оила, шу жумладан, 14 минг 585 нафар ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилади.

Ҳашарга 17,1 миллион нафардан ортиқ аҳолининг банд бўлмаган қатлами, биринчи навбатда, 9,1 миллион нафардан ортиқ ёшлар ихтиёрийлик асосида жалб қилинади.

 

Қадрли маҳалла фаоллари!

Маҳаллаларимиз қиёфаси фаолиятимиз натижасини кўрсатадиган омиллардан бири эканини унутманг! Бунинг учун ҳар битта “маҳалла еттилиги” вакиллари, уйбоши ва кўчабошилар, нуронийлар, имом-хатиблар, жамоатчилик тузилмалари аъзолари фаол бўлиши, одамларни уйғотиши, сафарбарликка чорлаши зарур.

 

Ҳудуд етакчиси сифатида маҳалла раислари ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. “Уйингиз обод бўлса, кўчангиз обод бўлади, маҳаллангиз обод бўлса, қалбингиз обод бўлади”, деган ҳаётий шиор ҳар бир маҳалла ходими фаолиятининг дастуриламалига айланмоғи шарт!

Бугун юрт ободлиги, йиғинлар фаровонлиги йўлида бирлашишнинг айни фурсати. Ҳар бир хонадон, кўча ва маҳаллалар ободлиги йўлида масъулиятни маҳалла раиси сифатида зиммангизга олиб, одамларни бир мақсад йўлида сафарбар этинг! Ижтимоий масъулият, меҳнат тарбияси, дахлдорлик туйғусини кучайтиринг! “Маҳалла еттилиги” билан елкама-елка ишлаб, ҳашарни ҳар бир кўча, хонадонда тартибли ташкиллаштиринг!

Ўз маҳалладошларингизга намунавий хонадон, намунавий кўча қандай бўлиши кераклиги борасида амалий ишларингиз, ибратли ташаббусларингиз, чинакам жонкуярлигингиз билан ибрат кўрсатинг!

Энг муҳими, бир тану бир  жон бўлиб, мавжуд имконият ва шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда, аҳоли турмуш даражасини янги босқичга кўтаришда бош-қош бўлинг!

 

Аҳолида томорқа маданиятини юксалтиришда ҳоким ёрдамчиларининг саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бу — ҳар бир хонадонда ердан самарали фойдаланиш, оила фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим омилдир.

Ҳашар кунларида эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар, якка-ёлғиз кексалар ва “маҳалла еттилиги” кўмагига муҳтожлар ҳолидан хабар олиш доимий эътиборингиз марказида бўлсин. Оғир ҳаётий вазиятдаги оилаларни қўллаб-қувватланг. Уларни озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари билан таъминлашда жонбозлик кўрсатинг.

Зотан, ҳашар маҳаллаларда бирдамлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамловчи эзгу анъана, беқиёс қадриятдир.

 

Ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучи! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда уларнинг ақл-заковати, ғайрат-шижоати, она Ватанга бўлган садоқати тенгсиздир. Маҳаллалар ободлигини таъминлашда барчамиз ёшларга суянамиз ва таянамиз!

Шу сабабли она заминимизга меҳр бериш, ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча, ҳар бир маҳаллада ташаббускор бўлишда Сиз — ёшлар етакчилари маҳалладаги йигит-қизларга қанот бўлинг! Тенгдошларингизни бунёдкорликка, ободликка чорланг. Улар билан ҳар бир маҳаллада якка-ёлғиз, ногиронлиги бор нуронийлар ҳолидан хабар олинг, уй юмушларига кўмаклашинг.

Асло унутманг, Сиз Янги Ўзбекистон фарзандисиз, Сизнинг ҳиссангиз — бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.

 

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган гап бежиз айтилмаган. Чинакам инсоний туйғулар, аввало, оила бағрида камол топади. Фарзандларимиз қалбида ободликка меҳр уйғотиш, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатда бўлиш туйғуларини тарбиялашда оиланинг ўрни ва таъсири ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Маҳаллалардаги оилалар билан ишлашда айни шу жиҳатларга эътибор қаратиш хотин-қизлар фаоллари зиммасидаги бирламчи вазифадир. Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож якка-ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган отахон ва онахонларнинг хонадонларини озода ва саришта хонадонга айлантиришда хотин-қизлар фаолининг ҳиссаси катта.

Билинг, айнан Сизнинг кўмагингизда азалий қадриятларимиз — қизларимиз, келинларимизнинг эрта саҳар туриб ҳовлиларга сув сепиши, кўча эшик олдини супуриши каби фазилатларини яна қайтадан жонлантириш, оммалаштириш мумкин.

 

Хонадонларга кирганда руҳан тушкун кайфиятдаги имконияти чекланган, ижтимоий реестрда бўлган оилалар, якка-ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳамда оғир аҳволдаги шахсларни зарур воситалар, дори-дармонлар билан таъминлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашда ижтимоий ходимлардан яқинроқ бўладиган инсон топилмаса керак.

Шундай экан, улар билан яқин инсонингиздек суҳбатлашиб, келажакка умид ва ишонч берадиган лойиҳаларга жалб этинг. Улар ҳамиша ёнида эканингиз ва қўллаб-қувватлаётганингизни ҳис қилиб турсин.

Айниқса, ҳашар кунларида эҳтиёжманд, якка-ёлғиз, ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтиринг! Муборак Рамазон ойи, Наврўз байрами шукуҳини ҳар бир оилага олиб киришда “маҳалла еттилиги” вакиллари билан ҳамжиҳатликда ишланг!

Маҳаллада ижтимоий ҳимояни кучайтиришда Сизнинг фаоллигингиз, ташаббускорлигингиз муҳим аҳамиятга эга!

 

Ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, йиғилган чиқиндиларни чиқариб ташлаш, ўзбошимча чиқинди ташлаш ҳолатларини аниқлаб чоралар кўриш, айниқса, ҳашар кунларида жамоат тартибини сақлаш, аҳолининг фаол иштирокини таъминлашда профилактика инспекторларининг амалий тажрибаси ғоятда муҳим. Уларнинг кўмаги орқали аҳолида дахлдорлик туйғусини орттира олсак, ҳудуд ҳамиша тоза, ораста ва ортиқча чиқиндилардан холи бўлади.

Қачонки, ҳар бир маҳалла жиноятчиликдан холи ҳудудга, обод масканга айланса, бундай жойда ривожланиш, келажакка интилиш, яхши яшашга ишонч пайдо бўлади.

 

Шунингдек, умумхалқ ҳашарининг корхона ва ташкилотларда ихтиёрий асосда ўтказилишида, албатта, солиқ инспекторларининг фаоллиги ниҳоятда асқатади. Ҳашар муносабати билан маҳаллада жойлашган ташкилотларда ходимларнинг ихтиёрий иш ҳақи маблағи Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ҳисобрақамига ўтказилишида айнан улар ташаббускор бўлмоғи зарур.

Чунки мазкур маблағлар эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жойларини таъмирлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда маҳаллаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.

 

Умуман олганда, ҳашар шунчаки бир-икки кунлик тозалов тадбири эмас, балки маҳалланинг ҳар бир қаричини обод қилишга қаратилган тизимли ҳаракатдир. Бу жараёнда Сиз — “маҳалла еттилиги” аъзолари асосий ташкилотчи ва ташаббускор сифатида намоён бўлмоғингиз лозим!

Маҳалла ёшлари ва аёлларни янада фаол иштирок этишга чорланг! Ҳар бир фуқарода “Менинг маҳаллам — менинг уйим” деган туйғуни шакллантиринг! Ҳашар кунлари миллий қадриятларимиз намойиши, миллий либослар тарғиботи, ўлан ва лапарлар ижроси, шунингдек, бахшичилик ва халфачилик санъати намуналарини намойиш этишга киришинг!

Ҳашарнинг ажралмас қисми, бу — катта дошқозонларда сумалак қайнатилиши, миллий таом — ош дамланишидир. Бу анъана маҳалла аҳлини бир дастурхон атрофида жипслаштиради, ўзаро суҳбатлар орқали қўшничилик ришталарини мустаҳкамлайди. Меҳнатдан бўш вақтда миллий ўйинларимиз — арқон тортиш, тош кўтариш, кураш тушиш, турли ҳаракатли ўйинларни ташкил этиш нафақат завқли машғулот, балки миллий ғоя ва мақсадларни ривожлантирадиган, бирдамлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлайдиган воситалардир!

 

Қадрли маҳалладошлар!

Ободлик кўнгилдан, кўнгилнинг ободлигидан ва халқ розилигидан бошланади. Унутмаслигимиз лозимки, ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч устувор бўлади.

Фарзандларимизга болаликдан поклик тарбиясини ўргатайлик! Меҳнат тарбияси, бу — поклик тарбияси! Муборак Рамазон ойининг файзу тароватини ҳар битта хонадон, маҳаллада ҳис қилайлик! Яшариш ҳамда янгиланиш рамзи бўлмиш миллий байрамимиз — Наврўзи оламга тайёргарликни бугундан бошлайлик! Маҳаллаларда, шаҳар ҳамда қишлоқларда ҳашарлар, ободлик тадбирларини ўтказайлик!

Ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлсак, бир-биримизни қўллаб-қувватласак, маҳалланинг қурби етмайдиган ишнинг ўзи қолмайди, ҳудудда қийналган, эҳтиёжманд оилалар бўлмайди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш нафақат мажбуриятимиз, балки муқаддас бурчимиздир! Бурчни адо этишда Сиз — “маҳалла еттилиги” аъзолари, фаоллар, нуронийлар, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакилларида билим ва малака, тажриба ва маҳорат, энг муҳими, истак ва имконият етарли.

Зиммангиздаги вазифаларни ҳалол ва виждон амри билан бажариб, Сизга билдирилган ишончни оқлаш учун бор куч ҳамда имкониятингизни сафарбар этишингизга ишонамиз.

Зотан, жонажон Ўзбекистонимиз, бу — кўркам ва гўзал кўчалар, файзли ва тароватли хонадонлар, обод ва фаровон маҳаллалар мажмуасидир!

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Фарзандингиз нима билан банд?

    Шахсий ноутбугим бузилиб қолиб, уни таъмирлашга устага бердим. Шу боис бир ишимни якунлаш учун компьютер клубига боришга тўғри келди. Қўшни маҳалладаги ана шундай бир кўнгилочар масканга йўл олдим.…