ЖАРАЁН
Маҳалла — халқ ва давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприк. Шунга монанд бугун йиғин идоралари аввалгидек шунчаки одамлар келиб кетадиган жой эмас, балки аҳоли муаммолари билан манзилли ишлайдиган, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашадиган, одамлар ҳар қандай муаммосига ечим топадиган манзилга айланди.
Кўриниб турибдики, эндиликда бу манзилда нафақат “еттилик” иш самарадорлигини оширадиган, балки одамлар билан мулоқотни йўлга қўядиган, уларга турли хизматларни кўрсатиш имконини берадиган муносиб шароитлар яратишга зарурат бор. Шу боис сўнгги йилларда замонавий, барча қулайликларга эга маҳалла биноларини қуришга эътибор қаратиляпти.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида ўз хизмат биносига эга бўлмаган 993 та маҳалладан 205 таси кўркам ва шинам бинолар билан таъминланди. Бу ҳолатда 58 та маҳаллага ҳудуддаги бўш турган бинолар олиб берилган бўлса, 147 та маҳаллага янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Жумладан, Сирдарё туманидаги “Пахтакор” маҳалласи ходимлари янги бинода иш бошлади. “Еттилик” вакиллари шу кунгача йиғиннинг ўз биноси йўқлиги туфайли битта хонада ишлаётган эди. Бу, ўз навбатида, иш унумдорлигига анча таъсир қиларди. Эндиликда янги ишга тушган замонавий, барча қулайликка эга бўлган маҳалла биносида “маҳалла еттилиги” фаолият кўрсатиши учун барча зарур шарт-шароит яратилди.
Фақат бугина эмас, жараёнда мавжуд маҳалла биноларини бугунги кун талабларига мослаштиришга ҳам урғу бериляпти. Натижада хизмат биносига эга бўлган маҳаллаларнинг 224 таси жорий, 21 таси капитал таъмирланди, 13 таси реконструкция қилинган бўлса, 34 тасига (13 та маҳаллий бюджет, 7 та давлат-хусусий шерикчилик асосида, 14 та ҳомийлик ва бошқа манбалар) янги бино қуриб берилди. Ўз хизмат биносига эга бўлган 8 664 та маҳалладан 7 906 тасининг кадастр ҳужжати мавжуд бўлиб, жорий йилда 3 081 та йиғин биносининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Бугун жойларда кўпчилик аҳоли хонадонлари, давлат ташкилотлари муқобил электр энергиялари, хусусан, қуёш панелларини ўрнатишга қизиқиш билдирмоқда. Зотан, бу доимий, кафолатланган электр токидан фойдаланиш имконини беради. Айни жараёндан маҳалла бинолари ҳам четда қолмаяпти.
Уюшма маълумотига кўра, ҳозиргача республика бўйича 1 928 та маҳалла биносига қуёш панеллари ўрнатилган. Жорий йилда яна 1 000 та маҳалла биноси шундай ускуналар билан таъминланади. 2025 йилнинг ўтган даврида 529 та йиғин биносига қуёш панеллари жойлаштирилди. Худди шундай, ҳомийлик, маҳаллий бюджет, Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси, кредит маблағлари ҳисобидан 1 926 та кам таъминланган оилаларнинг хонадонига қуёш панели қўйилди.
Хусусан, Вобкент туманидаги “Кумушкент” маҳалласи биносига умумий қуввати 4 кВт./соатга тенг тўртта қуёш панели ўрнатилгани қишин-ёзин муқобил энергиядан фойдаланиш имконини бермоқда. Бу қуёш панелларининг ўзига хос хусусияти шундаки, икки томонлама қувватланувчи монокристал панелга эга бўлиб, тўғридан-тўғри қуёш нури тушмаган ҳолатда ва булутли кунда ҳам ёруғликни ўзида қабул қилиб, қайта ишлаш имконига эга.
Бугун маҳаллани одамлара энг яқин тузилмага айлантиришда нафақат унинг биноларини янгилашга эътибор қаратиляпти, балки моддий техника базасини мустаҳкамлаш ҳам доимий диққат-марказда. Жорий йилнинг ўтган даврида йиғинларга 519 та планшет, 9 та ноутбук, 931 та янги компьютер, 681 та принтер, 5 та телевизор, 200 та иситиш ва совитиш жиҳози (кондиционер) ҳамда 201 та маҳаллага 185 та стол, 837 та стул, 107 та офис шкафи олиб берилди.
Умуман олганда, юқоридаги ҳолатлар — янги маҳалла биноларининг фойдаланишга топширилиши, мавжудларининг замон талабларига мослаштирилиши, уларга қуёш панеллари ўрнатилиб, моддий-техника базанинг яхшиланиши ходимларнинг иш самарадорлигини оширмоқда. Қолаверса, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида қабул қилиб, ҳал этиш, тегишли ташкилотларга йўналтириш имконини ҳам беряпти.
Санжар ИБРОҲИМОВ.