Ҳар бир корхонанинг ходимни ишга олиш бўйича ўз тартиби бор. Бир ўйлаб кўринг-да, турмуш қурмаган, бор вақти, имконияти ва кучини ишхонасига сарфлайдиган ходим яхшими ёки боласи касал бўлаверадиган, ҳадеб жавоб олаверадиган, эрта кетишни мўлжаллаб турадиган ходим афзалроқми?
Бу ҳолатда кўпчилик оила қурмаган ишчини танлаши табиий. Аслида, ривожланишдан қўрқмайдиган, келиша олиш сифатларига эга, сабрли, низоли тўқнашувлардан ижобий ечим топа оладиган ақл эгаси — турмуш қурганлардир. Улар уйни, ишни, супур-сидирни эплай оламан, деб ўз олдига мақсад қўя олади. Ўзининг моддий манфаати шу корхона ривожи билан боғлиқ эканини яхши англайди. Улар бутун ҳаётини, ўз оиласининг келажагини шу корхона обрўси билан чамчарчас боғлаб қўйган. Оила қурмаган ходимлар эса бутун вақтини шу ишхонага сарфлаши мумкин, аммо унинг ривожланишга ҳисса қўшиши қийин.
Гейдельберг университетининг немис психологлари бу саволга аниқ жавоб топиш учун кўп йиллар давомида илмий изланишлар олиб борган. Натижада 65 фоиз ҳолда турмуш қурган ишчилар энг кучли ривожланишга сабаб бўлгани аниқланган. 30 ёшдан каттароқ бўлса-да, турмуш қурмаганлар ишида ривожланиш сустлиги жуда ҳайратланарли. Миянинг позитив ишлаши, қийинчиликлардан қўрқмаслик, янгиликларга тик қараш, келиша олиш, тортишувларда бирлашиб бир фикрга келиш, мақсадни ягона қилиб танлаш, вақтдан унумли фойдаланиш оила қурганларга хос экани аниқланган. Бундан ташқари, оилалилар ўзидан ташқари бошқа ҳамкасбларини ҳам ўйлаши эътиборга молик. Оиласининг равнақи ҳамда кўпроқ моддий имкониятга эга бўлишга интилиш уларга куч бағишлаган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон зиммасига юклатиган масъулиятни оқлаш учун ҳаракат қилиши лозим. Бу билан фаолият олиб бораётган соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиш баробарида шахсий камолоти сари муҳим қадам ташлаган бўлади.
Жамила САЪДУЛЛАЕВА,
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот
институти мустақил тадқиқотчиси.