Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллаларда аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни яхшилаш ҳамда хусусий кутубхоналарни ташкил этаётган ташаббускорларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Сўнгги йилларда аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишнинг сифат жиҳатдан янги тизими яратилди, мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида ахборот-кутубхона марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда республика бўйича 800 дан ортиқ маҳаллада кутубхоналар фаолият юритяпти, 60 нафарга яқин ташаббускор фуқаро хусусий кутубхона ташкил этган.
Қарор лойиҳасига кўра, 2025 йилдан бошлаб босқичма-босқич маҳалла кутубхоналари фаолияти йўлга қўйилади. Бунда дастлабки босқичда маҳалла кутубхоналари туман (шаҳар) марказидан узоқ масофада жойлашган фуқаролар йиғинларида ташкил этилади. Ҳар йили уларнинг китоб фонди янги адабиётлар билан бойитиб борилади. Бу билан боғлиқ харажатлар Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси, маҳаллий ҳокимликлар ажратадиган, шунингдек, жалб этиладиган ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Кутубхоналарда ишларни юритишни маҳаллада фаолият кўрсатаётган ходимлар олиб боради.
Хусусий ва маҳалла кутубхоналарини ташкил этиш, уларнинг фаолият юритиш ҳамда жойларда аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилишда катта ҳисса қўшаётган фуқароларга “Ахборот-кутубхона аълочиси”, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари топширилади. 2024 йилдан бошлаб ҳар йили “Йилнинг энг яхши хусусий кутубхонаси” ва “Йилнинг энг яхши маҳалла кутубхонаси” танловлари икки босқичда — ҳудудий ҳамда республикаси даражасида ўтказилади. Танлов ғолиблари базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаридан 50 баробаригача пул мукофотлари билан тақдирланади.
Маҳалла кутубхоналари орқали хорижий ва маҳаллий электрон маълумотлар базаларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Муассасаларни бутлаш учун янги адабиётлар ва даврий нашрларнинг тавсиявий рўйхати ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасига тақдим этилади. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси билан биргаликда доимий равишда хусусий ва маҳалла кутубхоналари ҳисобини юритиб боради.
Ҳокмликлар хусусий кутубхоналарнинг фойдаланиш майдонидан келиб чиқиб, китоб фондларини 100 тадан 1000 тагача янги адабиётлар билан тўлдириш, компьютер ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўради. “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида чоп этиладиган китоблардан ҳар бир хусусий кутубхона ва маҳалла кутубхонасига бир нусхадан беғараз ажратилади. Ўзбекистон кутубхоналари уюшмаси ташкил этилади.
Қарор лойиҳаси билан “Маҳалла кутубхонаси тўғрисида”ги намунавий Низом тасдиқланади. Унга кўра, маҳалла кутубхонаси аҳолининг барча қатламига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатувчи юридик мақомга эга бўлмаган универсал ахборот-кутубхона муассасаси ҳисобланади. Унинг фаолиятига белгиланган тартибда маҳалла раиси лавозимга тайинлайдиган ва лавозимдан озод қиладиган кутубхона мудири раҳбарлик қилади.