Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 21 февралда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармон билан 2024 йилга мўлжалланган йўналишлар кесимидаги амалий тадбирлар режаси, 2024 йилда йўналишлар кесимида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Амалий тадбирлар режаси 5 та йўналиш ва жами 100 та мақсаддан иборат.
“Ташаббусли бюджет”да раиснинг ваколати ошади
Фармонга кўра, маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги таянч бўғинга айлантириш мақсадида “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳаларни ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиш, маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш ҳамда жамоатчилик мониторингини амалга ошириш имконияти яратилади.
“Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури жорий этилади. Бунда маҳаллаларда ёшлар етакчилари “еттилик” вакиллари иштирокида ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасига қизиқувчи ёшларни аниқлаб, уларни инглиз ва бошқа хорижий тилларга ўқитиш ҳамда сертификат олишини ташкил этиш чораларини кўради. Кейинчалик улар IT соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтирилади.
Маҳаллада киберспорт мусобақаси ташкил этилади
Алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар “Ёшлар баланси” асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилади. Улар ҳар ойда камида бир маротаба бу ёшлар билан учрашади.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар (“Ибрат фарзандлари”) бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилади. Касблар танловида ғолиб бўлган ёшлар ўз ҳудудларида жиҳозланган устахоналар билан таъминланади.
Эндиликда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилади. “Ёш тадбиркор” танлови ташкил этилиб, “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади. Республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага БҲМнинг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади.
“Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтирилади. Бунда “Устоз” махсус платформаси ишга туширилиб, дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилади.
Ўқувчилар учун бепул автобус қўйилади
“Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида 2024 йил якунига қадар 2 миллион аҳоли бизнесга жалб қилинади. Янги иш ўринларини яратиш орқали 5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланади. 10 миллион нафар аҳоли югуриш, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, миллий ва белбоғли кураш каби спорт турлари бўйича марафон ва мусобақаларни ташкил этиш орқали оммавий спортга жалб қилинади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир ҳудудда 1 тадан туманда синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси амалга оширилади. Бунда мактабларга БҲМнинг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5-11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланади. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба тариқасида мактабларга олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
Пойтахтда юк машиналари ҳаракати чекланади
Пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатлар проактив тарзда амалга оширилади. Ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга нодавлат ташкилотлар орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.
Банклар кредит ставкаларини 2-3 фоиз бандга пасайтириш чораларини кўради. 2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 миллион туп кўчат экилади, 444 та яшил боғ барпо этилади. Ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда, аҳоли огоҳлантирилади.
Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “ЕВРО-5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади. Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси амалга оширилиб, раҳбар ва ходимлар жамоат транспортида ишга келади.
Адашган ёшларни жамиятга интеграция қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёшлар пробация ҳисобидан чиқарилади ва уларни профилактик ҳисобга олиш асослари кескин қисқартирилади.