— Биламизки, маҳалла раиси шу ҳудуд паст-баландини яхши биладиган фуқаро бўлиши керак. Қонунчиликда маҳалла раисни сайлашда шу жиҳатга эътибор берилганми? Яъни, номзод бошқа ҳудуддан қўйилиши мумкинми? Савол беришим сабаби айрим ҳолда бошқа ҳудудда яшовчи фуқаро маҳалла раислигига сайланади. Шу тўғрими?
Зоҳид АББОСХЎЖАЕВ,
Янги Наманган туманидаги “Келажак тонги” маҳалласи раиси.
Тўлқин ТОҒАЙҚУЛОВ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бош мутахассиси:
— Амалдаги «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунга кўра, номзод сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши керак. Ушбу қонунннинг 17-моддасида фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблар кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.