— Маҳалла ҳудудида олий таълимда ўқиш истагида бўлган, аммо кириш имтиҳонига тайёрланиш учун моддий имконияти йўқ ногиронлиги бўлган ёшлар бор. Уларнинг ўқишга тайёрланишида бирор имтиёз яратилганми? Репетитор харажатларини давлат ҳисобилан қоплаш мумкинми?
Соҳиб ШОДИЕВ,
Фориш туманидаги “Илонли” маҳалласи раиси.
Маҳлиё ШУКУРОВА,
Ёшлар ишлари агентлиги Ижтимоий химояга муҳтож ёшлар билан ишлаш бўлими мутахассиси:
— Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.
Унга кўра, ногирон ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунар, дастурлаш, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача субсидия ажратилади.
Субсидия олиш учун исталган давлат хизматлари марказига мурожаат қилинади ёки ЯИДХП (https://my.gov.uz/uz) орқали давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтилади.
Ўқишга субсидия олиш учун ариза боланинг қонуний вакили томонидан берилса, унинг шахсий идентификация рақами ва боланинг қонуний вакили эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, нодавлат таълим ташкилоти томонидан ариза берувчини ўқитиш тўғрисида шартноманинг электрон нусхаси илова қилинади.
Яшаш ва транспорт харажатлари учун субсидия олишда йўл харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон нусхалари, ижара шартномаси ва унинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги билдиришноманинг электрон нусхаси тақдим этилиши керак. Давлат хизмати бепул кўрсатилади. Ариза 3 иш кунида кўриб чиқилиб, субсидия ажратиш ҳақида электрон тизимга маълумот киритилади ва бу ҳақида ариза берувчига СМС-хабарнома юборилади. Нодавлат таълим ташкилоти жойлашган ҳудуддаги маҳалланинг ёшлар етакчиси зиммасига ариза берувчининг нодавлат таълим ташкилотида ўқишини жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиш вазифаси юклатилади.
Қарор асосида Ёшлар ишлари агентлиги ногиронлиги бўлган ёшларнинг нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши ёки асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиши учун субсидия ажратиш орқали ўзини ўзи банд қилиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиб келмоқда.
2023 йил учун ажратилган квота тўлганлиги сабабли ногиронлиги бўлган ёшларнинг ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш ёки асбоб-ускуналар ва меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидия ажратиш йўналишларида давлат хизматини кўрсатиш тўхтатилган. Аризалар 2024 йил 10 январдан қабул қилинади.