— Якка тартибдаги тадбиркоркорлик билан шуғулланиб келаётган фуқаролар фаолиятини вақтинча тўхтатиб турса бўладими? Агар мумкин бўлса, қанча муддатга рухсат берилади?
Ойбек ҚОДИРОВ,
Мирзаобод туманидаги Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла раиси.
Аброрбек ЭЪЗОЗХОНОВ,
“Мадад” НТТ ҳуқуқшуноси:
— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 392-моддасига асосан агар якка тартибдаги тадбиркор (оилавий тадбиркорлик субъекти) ўз фаолиятини муайян муддатга тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказувчи органга фаолиятни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида ариза бериш билан бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги гувоҳномани топширади.
Бунда ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор (оилавий тадбиркорлик субъекти) ҳар бир ёлланган ходимга белгиланган тартибда берилган ҳисобга олиш карточкаларини ҳам белгиланган муддатларда солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органига топширади.
Якка тартибдаги тадбиркорнинг (оилавий тадбиркорлик субъектининг) фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги ёки қайта тикланганлиги тўғрисидаги аризани олган тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган навбатдаги иш куни тугагунига қадар солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органларига якка тартибдаги тадбиркорнинг (оилавий тадбиркорлик субъектининг) фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги ёки қайта тикланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда ахборот тақдим этади.