— Мен ҳеч қаерда ишламайман. Куни кеча бир дўстим ҳеч қаерда ишламаётган бўлсанг, хужжатда ишсиз ҳисобланмайсан, деб гап бошлаб қолди. Мени қизиқтираётган нарса — бир неча йиллардан буён ишсизман, қандай қилиб хужжатда ишсиз бўлмаслигим мумкин? Шунда мен ишсиз шахс хисобланаманми ?
Музаффар АВЛОҚУЛОВ,
Қашқадарё вилояти
Яккабоғ тумани.
Саидали МУХТОРАЛИЕВ,
ҳуқуқшунос
— Сиз амалда ишсизсиз, лекин хужжатда эмас. Оила кодексининг 60-моддасига кўра, ишсизлар — ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр ва меҳнатга лаёқатли бўлган хамда ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар саналади.
Юқоридаги нормани содда тилга таржима қилсак, Сиз расман ишсиз бўлишингиз учун:
— расман ишламаётган бўлишингиз;
— меҳнатга лаёқатли бўлишингиз;
— иш сўраб меҳнат органларига мурожаат қилиб, улар томонидан ишсизлар рўйхатига киритилган бўлишингиз;
— иш бўлса, ишлайман деб стартда турган бўлишингиз керак.