— Шаҳар ҳудуди бўлгани боис кўп қаватли уйлар кўп. Аксарият уйларнинг ертўла қисми бўш турибди. Бундай жойлардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тушяпти. Айтингчи, қонун бўйича ертўлада қайси фаолият турлари билан шуғулланиш мумкин эмас?
Шоҳсанам АШУРОВА,
Когон шаҳридаги
“Адолат” маҳалласи раиси.
Фаррух ЖЎРАЕВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— “Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига кўра, ертўлада айрим фаолият турлари билан шуғулланишга йўл қўйилмайди. Мисол учун, соат 23.00дан кейин ишлайдиган умумий овқатланиш корхоналари, ресторанлар, кафелар, барлар, кимёвий товарлар, сабзавот ва балиқ маҳсулотлари, ёнувчи ва портловчи маҳсулотларни сотувчи дўконлар фаолияти тақиқланади.
Шунингдек, 10 тадан ортиқ иш ўрнига эга бўлган пойабзал тикиш ва таъмирлаш устахоналари, ҳаммомлар ва сауналар, алоқа тармоқ станциялари, жамоат ҳожатхоналари, маросимлар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш муассасалари, саноат корхоналари фаолиятининг барча турлари жойлаштирилиши мумкин эмас. Қолаверса, уй ҳайвонлари ва паррандалари боқишга ёки кўпайтиришга мўлжалланган жойлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг транспорт воситалари учун гаражлар, яшаш жойлари, кинотеатр, ётоқхона ва меҳмонхоналар ташкил этишга йўл қўйилмайди