— Маҳалладаги тўй-маракаларни йиғин аҳли биз билан маслаҳатлашиб белгилайди. Яқинда улардан бири 30 ноябрга тўй белгилаганди, бироқ келиннинг яқин қариндоши оғир бетоблиги сабабли тўйни олдинроқ, 20 ноябрда ўтказишни таклиф қилишди. Бўлажак келин-куёв 1 ноябрда расмий никоҳдан ўтиш учун ФҲДЁ органига ариза топширган. Тартиб бўйича никоҳ гувоҳномасини бир ойдан сўнг беришади. Бу вазиятда гувоҳномани эртароқ олиш имкони борми? Зеро, бу ҳужжатсиз шаръий никоҳ ўқилмайди.
Панжи ЛУТФИЕВ,
Қарши шаҳридаги
“Темирйўлчи” маҳалласи раиси.
Севара ЎРИНБОЕВА,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— Оила кодексига кўра, никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг ФҲДЁ органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Шу билан бирга, узрли сабаблар бўлганда ФҲДЁ органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.
Демак, юқоридаги вазиятда маҳалладошингиз келин тарафдаги яқин қариндошнинг ҳақиқатда беморлигини исботловчи тиббий маълумотномани ФҲДЁ бўлимига тақдим қилиши зарур. Шу асосда бўлажак оила вакиллари никоҳдан ўтади. Худди шундай, бошқа узрли сабаблар бўлганда ўша сабабни тасдиқлайдиган ҳужжат билан никоҳни муддатидан олдин расмийлаштириш мумкин.
Шу ўринда айни масалага оид қонунчиликдаги айрим янгиликларни келтириб ўтиш ўринли бўлади. 2023 йил 31 октябрдаги имзоланган қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритилди. Яъни эндиликда никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш — БҲМнинг 15 бараваридан (4 950 000 сўм) 30 бараваригача (9 900 000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Тўғри, олдин ҳам бунинг учун маъмурий жавобгарлик қўлланилган, лекин унда расмий никоҳ гувоҳномасисиз шаръий никоҳ ўқиган домлаларга бошқачароқ моддалар билан жарима қўлланилар эди. Хусусан, шундай вазиятда кодекснинг 201-моддаси 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) ҳамда 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарлик белгиланарди. Эндиликда кодексда шаръий никоҳ ўқиганлик учун жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилди. Яъни қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб бундай вазият учун БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима солинади.